Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 21:21 Чоп этиш версияси

БМТ делегациясининг учрашувлари

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси директори Р.Коменда бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташрифдан мақсад инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг жорий йил 16 июндаги қўшма қарори билан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режасида белгиланган тадбирларни биргаликда амалга оширишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси 2008 йилда Бишкек шаҳрида очилган бўлиб, унинг фаолияти Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни қамраб олган.

Минтақавий бўлинма Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича стратегия, дастур ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти, жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар салоҳиятини мустаҳкамлашда ҳукуматлар, ҳукуматлараро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва БМТ шериклари билан ҳамкорлик қилиш билан шуғулланади.

Демократик маконни кенгайтириш, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро норма ва стандартларни ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш масалалари 2014-2017 йиллардаги фаолиятнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Бўлинма ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамиятининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, жумладан, одил судловни таъминлаш, қийноқларнинг олдини олиш масалаларига доир тадбирлар ўтказмоқда.

Делегация ташрифи давомида вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адвокатлар палатасида учрашувлар мўлжалланган. Шунингдек, ташриф доирасида делегация аъзоларининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан учрашиши ҳам кўзда тутилган.

ЎзА
1 780






Все о погоде - Pogoda.uz