Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 13:04 Чоп этиш версияси

Биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқини телевидение орқали катта ҳаяжон билан тингладик, матбуотда ўқидик.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг катта минбаридан туриб, мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида аниқ далиллар, мисоллар билан ўз фикрларини баён этди.

Мамлакатимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида жадал ривожланмоқда. Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида халқ ҳокимияти барпо этилмоқда. Буни 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинишида, аҳоли билан олиб борилаётган мулоқотларда, ташкил этилган Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари мисолида ҳам яққол кўриш кўриш мумкин. Раҳбаримиз ўз нутқида таъкидлаганидек, қисқа вақт ичида бир миллиондан ортиқ одам Ўзбекистонда жорий қилинган халқ билан мулоқотнинг янги шакллари орқали ўз муаммоларини ечишди. Яъни мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил тўлиқ амалда жорий этилмоқда.

Юртбошимиз ўз нутқида Марказий Осиё халқларини ташвишга солиб турган долзарб муаммолар – қуриб бораётган Орол денгизи, умумий сув ҳавзаларидан биргаликда фойдаланиш, қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ўрнатиш, терроризмга қарши курашиш каби масалалар бўйича ўз муносабатини билдирдики, бу Бош Ассамблея қатнашчиларида ёрқин таасссурот қолдирди.

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Қўшни давлатлар билан муносабатлар илиқлашмоқда. Буни, айниқса, Қирғизистон билан муносабат мисолида кўриш мумкин.Узоқ йиллар мобайнида ўзаро борди-келди қилолмаган қўшни халқлар бугун бемалол мулоқот, алоқа қилиши учун барча шароит яратилди. Мамлакатимиз яхши қўшничилик сиёсатининг тарафдоридир.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг терроризмга қарши курашишда куч ишлатиш сиёсати ўзини оқламаётганлиги ҳақидаги фикрлари ниҳоятда аҳамиятлидир. Зеро, бунинг оқибатида кўпгина бегуноҳ одамлар, тинч аҳоли вакиллари ҳам жабр кўрмоқда. Шунингдек,Ўзбекистоннинг ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёрлиги яна бир бор таъкидланди. Биз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Комила Каромова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА
1 503






Все о погоде - Pogoda.uz