Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Биз икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз

Мамлакатимизнинг жанубий ва ғарбий минтақаларида қўшнини “ҳамсоя” ҳам дейишади. Бу, аслида, “сояси бир” деган маънони англатади. Агар соя бир бўлса, демак, икки ҳовлининг девори бир-да. Модомики, девор бир бўлса, ҳовлилар ҳам бир дегандай гап-да.

Шунинг учун ҳам халқимиз: “Ҳовли олма, қўшни ол”, дейди. Тожик халқида: “Дўст магў, ҳамсоя гў”, яъни: “Дўст дема, ҳамсоя де”, деган мақол ҳам бор.

Бироқ тожик халқи билан яқинлигимизни тасвирлаш учун ҳатто “ҳамсоя” деган сўз ҳам камлик қилиб қолади.

Биринчидан, азал-азалдан бу икки халқ Марказий Осиё ҳудудларида ёнма-ён, бақамти, елкама-елка, қуда-анда, ёр-биродар, қариндош-уруғ, қондош, жондош, маслакдош бўлиб яшаб келган. Тарихчи олимлар бу бирлик тарихини эрамиздан олдинги III асрлардан ҳам излаб топишади. Биз қўшилиб-қоришиб, бирлашиб, ягона ижтимоий-сиёсий, маданий, ғоявий, диний бирлик пайдо қилиб яшаб келяпмиз.

Иккинчидан, Ўзбекистонимизда сон жиҳатидан тожиклар ўзбеклардан кейинги иккинчи, Тожикистонда эса ўзбеклар тожиклардан кейинги иккинчи миллат ҳисобланади. Шуниси ҳам борки, айрим якка ҳодисаларни ҳисобга олмасак, Ўзбекистон тожиклари Тожикистондан кўчиб келмагани сингари, Тожикистон ўзбеклари ҳам Ўзбекистондан кўчиб бориб қолгани йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон тожикларининг асл Ватани – Ўзбекистон, Тожикистон ўзбекларининг асл Ватани – Тожикистон. Сиёсий атама билан айтганда, Ўзбекистон тожиклари ҳам, Тожикистон ўзбеклари ҳам диаспора, яъни муайян ижтимоий-сиёсий воқеа-ҳодисалар таъсирида бир мамлакатдан иккинчисига кўчган қавм эмас.

Учинчидан, Ўзбекистон дунёдаги бой форсий мерос яратилган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиздан турли замонларда Амъақ Бухорий, Сўзаний Самарқандий, Асириддин Ахсикатий, Сайфи Фарғоний, Бадриддин Чочий, Паҳлавон Маҳмуд, Хожа Исмат Бухорий, Абдураҳмон Мушфиқий, Шавкат Бухорий, Носир Бухорий, Мирзо Содиқ Мунший, Шамсиддин Шоҳин, Аҳмад Дониш, Садриддин Айний каби кўплаб тожикзабон шоир ва адиблар етишиб чиққан. Абу Абдулло Рудакий асарларининг катта қисми, ҳатто Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”сининг айрим саҳифалари ҳам айнан Бухорода ижод қилинган.

Ўзбеклар ва тожиклар асосан тил жиҳатидангина фарқланади. Бошқа барча жиҳатларимиз, яъни турмуш тарзимиз, кийимларимиз, овқатларимиз, мусиқамиз, рақсларимиз, оилавий анъаналаримиз жуда-жуда ўхшаш. Бир мақом мусиқаси бошланса, ҳеч ким олдиндан унинг ўзбекча сўзлар билан айтилиши ёки тожикча сўзлар билан айтилишини башорат қила олмайди.

Ахир, биз, яъни ўзбеклар ва тожиклар – икки тилли бир халқмиз. Дунёда икки тил оиласига мансуб тилларда сўзлашувчи бошқа икки халқнинг бу қадар бир-бирига яқинлашиб кетганлиги ҳодисаси учрамаса керак. Дўппи, тўн, чимилдиқ, пичоқ, дастурхон, кўрпача – ҳаммаси бир хил. Мусиқа созларини олинг: рубоб, доира, дутор, танбур, чанг, най, сурнай, карнай, ғижжак, чанқовуз, дўмбира...

Марказий Осиёда олти туб миллат яшайди. Булар – ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, туркманлар, қирғизлар ва қорақалпоқлар. Очиғини айтганда, бу миллатларнинг бештаси туркий тилда сўзлашади, биттасигина форсий тилда. Лекин ана шу форсийзабон тожикларга Марказий Осиёдаги энг яқин миллат – ўзбеклар. Амалда ўзбеклар тожиклар билан Марказий Осиёдаги бошқа туркий халқларни ҳам боғлаб туради. Яна ҳам соддароқ қилиб айтсак, тилимиз бир бўлгани учун биз – ўзбекларни қозоқ, туркман, қирғиз ва қорақалпоқлар қардошим, бовурим (жигарим) дейди. Тожикларни эса, жумладан, “ўзбек бовурларимизнинг қардоши” деб ҳурмат қилади.

Ана шу нозик жиҳатни сезган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1997 йили чоп этилган “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли фундаментал асарида қизиқ бир ғояни илгари суради. Муаллифни бу асарда минтақа аҳлига Ўзбекистон дардини етказиш илинжи ҳам безовта қилади. Бунга тўлиқ асос ҳам бор. Чунки минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги ва тараққиёти – бевосита ҳам, билвосита ҳам Ўзбекистон тутган йўлга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, китоб ўтган аср сўнггида Марказий Осиё муаммолари яхлит ҳолда таҳлил этилган ўзига хос бир дастур ҳам эди. Минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тинч тараққиётни таъминлашда Туркистон бирлигига интилишни сира ва сира пантуркизм ёхуд “Буюк Турон” шовинизми тариқасида талқин этишларига йўл қўймаслик керак. Чунки халқимиз пантуркизмни ҳам, “Буюк Турон” шовинизмини ҳам қатъиян рад этади. Биринчи Президентимизнинг бу борадаги таъкиди ҳам ғоят қадрли: “Биз учун Турон – минтақадаги туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг ўта сиёсий эмас, балки маданий бирлигининг рамзидир”. Исбот тариқасида мана бу фикр илгари сурилади: “Бундан ташқари, умумий маданий, тарихий ва антропологик илдизларимиз бизни тожик халқи билан ҳам туташтиради”. Айни далил ўта асосли, тарихимиз ва бугунимиздан келиб чиққан, келажак учун дастур бўладиган яна бир хулосани илгари суриш имконини яратган: “Бу ҳол бизга ўз маданиятимизни Марказий Осиё учун маълум даражада ноёб бўлган турк ва форс маданиятларининг синтези деб ҳисоблашга тўла ҳуқуқ беради”.

Бу шунчаки айтилган гап эмас.

Демак, бугун ўзбек маданияти амалда туркий ва форсий маданиятларнинг синтези, яъни ўзаро уйғунлашувидан иборат. Буни халқнинг этник таркибига нисбатан ҳам бемалол айтиш мумкин. Яъни бизнинг маданиятларимизгина эмас, аввало, қонимиз бир-бирига қўшилиб кетган. Бу қондошлик эса кўп-кўп асрлардан буён давом этиб келяпти.

Айни фикрнинг тасдиғини буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийдан ҳам топамиз. Бобокалонимизнинг икки тилда ижод қилгани, тожик тилидаги шеърлари “Девони Фоний” номи билан тартиб берилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ана шу тожикча девонда:

Нигори турку тоҷикам кунад сад хона вайрона,

Бадон мужгони тоҷиконаву чашмону туркона, –

деган байт, яъни матлаъ билан бошланадиган ғазал бор. Менинг турку (яъни ўзбегу) тожик нигорим (чиройи билан) юз уйни вайрон қилади, (чунки) унинг киприклари тожикча (яъни узун-узун) ва кўзлари ўзбекча (яъни қийиқ), дейди шоир лирик қаҳрамонни.

Тожик тили Ҳинд-европа тиллар оиласининг форсий тиллар гуруҳига, ўзбек тили эса Олтой тиллар оиласининг туркий тиллар гуруҳига киради. Ўзбек ва тожик тиллари келиб чиқиши жиҳатидан бир-бирига узоқ тиллар ҳисобланади. Лекин асрлар мобайнида бу икки тил бир-бирига шу қадар катта таъсир кўрсатдики, ҳатто олимлар бу сирли яқинлик моҳиятига ҳали-ҳануз тўлиқ етиб борганича ҳам йўқ.

Биргина сўзни олайлик. Тожиклар “ман” дейди, ўзбекларнинг бир қисми “мен” дейди, бир қисми “ман” деяверади. Шундай муҳимдан-муҳим сўз ўзбекчадан тожикчага ўтдими ёхуд тожикчадан ўзбекчага ўтдими? Бу саволга жавобда қатъий илмий ҳукм йўқ ҳали.

Иккинчи бир мисол. Ўзбекларимиз “келдим”, “бордим”, “ўқидим” ва ҳоказо дейди. Тахмин борки, асли “келди мен”, “борди мен”, “ўқиди мен” бўлган, сўнг “мен” олмоши феъл шаклини ўзгартирувчи қўшимчага айланган. Яхши. Лекин тожик тилида ҳам “омадам”, “рафтам”, “хондам” ва ҳоказо ўтган замон феъллари охири ҳам худди ўзбекчадагидай тугайди. Буни “китобим” – “китобам”, “уйим” – “хонаам” сўзлари охиридаги эгалик қўшимчаларидаги ўхшашликка нисбатан ҳам айтса бўлади.

Яна бир мисол. Туркийлар форсий, форсийлар туркий сўзу ибораларни қўллайверади. Масалан, Эронда қўни-қўшни, қариндош-уруғ ўртасидаги яқинликни “галан-гитан” дейишар экан. Буни озарбайжонлардан олишган. “Келди-кетди” дегани. Чунки Эронда қарийб 30 миллионга яқин озарбайжон яшайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”сида бу тушунчани “омаду рафт” (“келди-кетди”) тарзида тожикча ишлатади.

Аксар ўзбеклар опа, хола, амма ва ҳоказоларнинг эрини тожикча қилиб “почча” дейишади. Лекин мамлакатимизнинг ғарбий вилоятларида яшайдиган тожикларимиз “почча” ўрнига соф ўзбекча “язна” (қозоқчаси – “жезде”) сўзини ишлатишади. Ёки Тошкентда ош сал ўхшамай қолса, ошпаз ўзини: “Обу оташ-да, ака”, – деб оқлаган бўлади. “Обу оташ” нима дегани, деб сўрашди бир куни бир ошпаздан? “Қаёқдан билай, ака, ота-боболар ош ўхшамай қолса, шунақа дейишган-да”, – деб қутилди. Тожик тилида “об” – сув, “оташ” – олов. Биласиз, булар – бир-бирига зид тушунчалар. Яъни оловга сув сепсангиз, ўчади. Ана шундай бир-бирига тамоман зид нарса асосида ош пишираётганда баъзан ўхшамай қолиши мумкин-да, дейилмоқчи бу гап билан. Шу ҳам – асли тожикча. Ёки мамлакатимизнинг хоҳлаган минтақасидаги жой номларига диққат қилсак, улардан қанча-қанчаси тожикча сўзга асосланганини кўрамиз. Худди шундай, Тожикистон ҳудудларидаги жой номларининг ҳам муайян қисми ўзбекча сўзлар асосида юзага келган.

Яна бир мисол келтирайлик. Камина меҳнат қилаётган “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали икки шиор билан чиқади. Унинг биринчиси – “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор”. Бу, аслида, тожикча бўлган шиорни бугун халқимизга таржима қилиб ўтиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Иккинчиси – Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг икки сатр шеърлари. Уни ўзбекчага таржима қилиб берамиз:

Ичда доим ошно бўл, ташда тут бегонадек,
Бу каби зебо равиш кам топилур дунёда ҳам.

Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига бориши икки мамлакат тарихида тамоман янги саҳифа очади. Орада 20 йилга яқин бундай давлат ташрифи бўлмаган. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги ўз вақтида ҳал этилиши керак бўлган кўп-кўп муаммолар ўз ечимини топмай келаверган. Ҳатто, озми-кўпми ўзаро ёв қарашларни ҳам бошдан кечирдик.

Энди ҳаммаси ортда қолади, иншоллоҳ.

Бир нарсани ҳамма-ҳамма аниқ-тиниқ ва яхши билиши керак: ўзбек билан тожикни ҳеч ким ҳеч қачон бир-биридан ажратолмайди. Кимки шунга интилса, уни тарих ҳам кечирмайди, бугун ҳам ҳазм қилмайди, келажак ҳам асло маъқулламайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган: “Аввало, яқин қўшниларимиз билан яқин ҳамкорликлар қилайлик!” – деган ғоя асосидаги сиёсат замирида фақат Ўзбекистон манфаатини ҳимоя қилишгина ётибди, деб ҳисобламаслик керак. Бу шиорда ҳар бир қўшни давлат билан икки тарафлама манфаат кўзланган.

Тожикистон эса бизнинг азалий ва абадий ҳамсоямиз.

Шу ўринда “Ҳамсоя” деган ғазалимни ушбу мақолага илова қилишни мақсадга мувофиқ деб билдим:

Ҳамсоя

Ҳовлимизни, эй биродар, бир девору соя де.
Гар девору соя бирдир, дўст эмас, ҳамсоя де.
Ўзбегим тожик биландир бир хазина – моя де.
Лойимизни қордилар қўш, чирмашиқ бир поя де.
Бирлашиб ўзди жаҳон, бизни туташган қоя де.
Тил­забон – айри, бироқ ул кўнглида бир ғоя де.
Ер талаш, дунё талаш кезда бу бир ҳимоя де.
Билса­билсин олам аҳли, бус­бутун сармоя де.
Чўққи забт этмоқ йўлида ҳам буюк пилпоя де.
Сенки, Султон ё Муродсан, икки элни доя де.

Султонмурод Олим,
“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.

ЎзА
10 281