ЎзА Ўзбек

13.08.2018 19:58 Чоп этиш версияси

Битирувчилар хизматга йўл олди

Битирувчилар хизматга йўл олди Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, курсантларнинг ота-оналари, Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети делегацияси аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳаммедов, Академия бошлиғи Баҳодир Матлюбов ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, айниқса, ички ишлар органлари учун ҳар томонлама профессионал кадрларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлаётганини таъкидлади.

IMG_7570.JPG

– Курсантларимиз уч йил мобайнида касбий, жанговар-жисмоний, маънавий-ахлоқий билимларини мустаҳкамлади, – дейди Академиянинг ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Мухторов. – Энди улар тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жонбозлик кўрсатиши керак бўлади.

Битирув тадбирида курсантларнинг 403 нафарига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан лейтенант унвони ва дипломлар топширилди. Тенгдошлари орасида ўзининг аъло баҳолари, намунали хулқи билан ўрнак кўрсатган бир гуруҳ курсантлар имтиёзли дипломларни қўлга киритди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
8 196