Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 11:17 Чоп этиш версияси

Бирни кўриб фикр қил...

Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг сабр-тоқати, матонати, жасоратига қойил қоласиз. Бошига тушган мусибатни енгиб ўтиб, олға интиладиган, ён-атрофга, дунёга муҳаббат билан қарайдиган, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қиладиган бундай кишилардан ҳар қанча ибрат олсак арзийди.

Олимжон Султонов ва Мирзоҳид Мироқилов ана шундай инсонлардан.

...Болалигида рўй берган бахтсиз ҳодиса Олимжон аканинг ҳаёт ирмоғини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. У энди бошқа болаларга ўхшаб югуриб, чопиб ўйнай олмас, тўп тепа олмас эди. Лекин ота-онасининг, яқинларининг қўллаб-қувватлаши унинг ҳаётга, билимга, ҳунарга бўлган интилишини кучайтирди.

– Мен ўша пайтдаёқ жисмоний меҳнат қилиш имкониятим чекланганини, энди фақат ўқиш, ақлий меҳнат билан шуғулланишим кераклигини тушуниб етгандим, – деб эслайди Олимжон ака. – Одамнинг қалбида Ватанига наф келтириш мақсади бўлса, интилиш бўлса, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзида куч топа олади.

Ота-онаси унинг таълим олиши учун барча шароит ва имкониятларни муҳайё қилди. Олимжон ака Тошкент шаҳридаги 100-махсус мактаб-интернатни, ўрта махсус таълим муассасасини тамомлагач, Тошкент давлат техника университетида таҳсил олди.

Ҳозирги кунда Олимжон ака "Oniks Tоshkent" масъулияти чекланган жамиятида конструктор бўлиб ишлаш билан бирга, Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўлинмаси раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.

– Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилмоқда, – дейди у. – Шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг миллати, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланаётир. Бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланишини таъминлаш доимий эътиборда.

Бўлинма томонидан туман ҳокимлиги ва қатор давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жисмоний имконияти чекланган, ногирон инсонларга бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига кўмаклашиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, меҳнатга лаёқатсиз ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда, турли байрам тадбирлари муносабати билан улар ҳомийлар кўмагида зарур дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.

Жисмоний имконияти чекланган ёшларни меҳнатга, тадбиркорликка жалб этиш мақсадида учрашув, давра суҳбатлари мунтазам ташкил этилмоқда. Туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ногирон ёшларга мос иш топиб, улар ишга жойланмоқда. Турли касб-ҳунарга йўналтирадиган ва спорт тўгараклари ташкил этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 26 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг "Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги қонуни бу борадаги ишларни янада юксак босқичга кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Олимжон ака 2015 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган танловда "Шиша ва биллур буюмларга бадиий безак бериш" лойиҳаси билан иштирок этиб, грант маблағини қўлга киритди. Ушбу маблағ ҳисобидан зарур дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, қурилма ва жиҳозлар сотиб олиб, ўзига хос устахона ташкил қилди.

Ҳозир ушбу устахонада Мирзоҳид Мироқилов билан бирга оддий шиша ва биллур буюмларга бадиий безак бериш билан шуғулланмоқда ва бу ҳунарни ногирон ёшларга ўргатмоқда.

Тасаввур қилинг, қўлимиздаги оддий шиша идишга нақш туширилса, қандай чиройли ва бежирим буюмга айланади. Агар унга яқин инсонингизнинг исмини тушириб беришса-ку, буюм ўша инсон учун энг яхши совға бўлади. Олимжон аканинг айтишича, бу иш унча катта жисмоний меҳнат талаб қилмайди, шу боис жисмоний имконияти чекланган кишилар учун жуда қулай.

– Яқин кунларда банкдан кредит олиб, устахонани шўъба корхонага айлантириш ва шиша буюмларга кимёвий ишлов бериш дастгоҳини харид қилиш ниятидамиз, – дейди О.Султонов. – Бу иш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Корхона жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг бандлигини таъминлашга, уларнинг жамиятда фаол инсонлар бўлишига, оиласига моддий ёрдами тегишига хизмат қилади.

Бугунги кунда Олимжон Султонов турмуш ўртоғи Ноила Султонова билан бирга қизи Фотимахонни тарбиялаб, унинг таълим олиши, келажакда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб вояга етишини таъминламоқда.

Суҳбатимизни компьютерда ўзига хос нақшларни чизиб ўтирган Мирзоҳид ака билан давом эттирдик.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши одамларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, эзгу орзуларини рўёбга чиқариши борасида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди М.Мироқилов. – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳар қандай кишида тадбиркорликка бўлган қизиқишни кучайтиради. Бугун соатга қараб "Яна ўн дақиқадан кейин иш вақти тугайди, уйга қочаман", деб ўтирадиган замон эмас. Аҳолининг бизнес қилиши учун шароитлар, имтиёзлар, енгилликлар яратилмоқда. Агар кишида ҳаракат бўлса, имкониятлардан тўғри фойдаланса, рўзғорини обод қилиши, оиласининг фаровонлигини таъминлаши, жамиятга, иқтисодиётга фойда келтириши мумкин.

Мирзоҳид ака мақсад сари интиладиган, бу йўлдаги ҳар қандай қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўта оладиган одам. Турмуш ўртоғи Дилором опа билан уч қизни тарбиялаб, вояга етказмоқда.

– Мен ҳеч қачон ўзимни жисмоний имконияти чекланган, деб билмайман: соғлом одам қандай имкониятга эга бўлса, мен ҳам худди шундай имкониятга эгаман. Менинг суянчим, таянчим – мана шу муқаддас Ватаним, – дейди у. – Ватанимиз равнақи, унинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаши учун бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман.

Бу иродали инсонларни тингларканман, хаёлимда турли саволлар айланаверади: "Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш учун бор имкониятларимдан фойдалана олаяпманми? Мен Ватаним учун нима қилаяпман?"

Байрам Айтмуродов, ЎзА
1 981






Все о погоде - Pogoda.uz