ЎзА Ўзбек

01.04.2018 17:15 Чоп этиш версияси

Биринчи апрель қалби пок инсонларнинг байрами

Биринчи апрель қалби пок инсонларнинг байрами 1 апрель куни дунёнинг бир қатор мамлакатларида Кулгу куни, Ҳазил куни, Алдаш куни нишонланади. Шу куни яқин дўстлар бир-бирлари билан ҳазиллашадилар.

1 апрель куни бир бор бўлса-да жилмайиб қўймайдиган одам топилмаса керак. Биринчи апрель бир-бирига ҳадди сиғадиган, қалби пок инсонларнинг байрами. Бирор бир календарда қизил билан белгилаб қўйилмаган байрамни бутун дунёда нишонлаш аньанага айланган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугун кўпчилик бир марта бўлса-да кимдир билан ҳазиллашади. Чинакамига халқона бўлган бу байрамда Янги Зеландия, Ирландия, Буюк Британия, Австралия ва Жанубий Африка каби мамлакатларда тушга қадар ҳазилашадилар. Тушдан кейинги ҳазилни апрель тентакликлари деб аташади.

Манбаларида илк бор 1509 йилда француз шоирларидан бири “Poisson d’Avril” (Апрель ҳазиллари) ҳақида ёзиб қолдирган. Лекин илк бор ҳазил куни 1686 йилда ўтказилгани айтилади. Аммо ўзбекларнинг аскияси бир неча минг йилларга, ҳатто ибтидоий жамоа тузумига бориб тақалиши айтилади. Гулхан атрофида тўпланган аждодларимиз бир-бирлари билан ҳазилашгани, шу тариқа аския саньати пайдо бўлгани олимлар томонидан исботланган. Аския қадим-қадимдан бери аждодларимиз маданиятининг бир қисми сифатида кўрилади. Айни дамда аския ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг жаҳон номоддий маданий бойлиги рўйҳатига киритилган.

Ёзувчи В.Белинский ёзганидек, кулгу ҳақиқатни ёлғондан фарқлашда восита бўлади. Инсонда ўз қадрини билиш туйғусини уйғотишга қодир. Бугунги кунда кулгунинг турлари кўп. Масалан, ҳазил, пародия, ҳажв, латифа, аския каби сўз ўйинларини келтиришимиз мумкин. Шу ўринда Афанди латифаларини эсга оламиз. Ўтмишда халқ бирор нарсани ҳажв қилмоқчи бўлса, Афанди латифаларини тўқиган. Латифа қизиқарли воқеа борасида қисқача ҳикоядир. Латифа асосан оғиздан оғизга ўтиб келади. Латифалар инсонлар фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олади. Латифаларни иккига бўлиш мумкин. Биринчиси фақат кулдириш учун тўқиб чиқарилган бўлса, иккинчи латифада ҳаёт ҳақиқатлари ўз аксини топади. Нима бўлганда ҳам латифалар кулдириш билан бир қаторда кишини ўйлантиради. Энг қизиғи латифаларнинг муалифи ким экани ҳамиша ҳам маълум бўлмайди.

Ҳозир Европада нишонланаётган биринчи апрель куни эса одамларнинг бир-бирларини алдашдан бошланган. Айрим таҳминларга кўра баҳор ҳавосининг ўзгариб туриши ҳам бу байрамга асос бўлган бўлиши мумкин. Германияга Ҳазил куни Франциядан кириб келгани айтилади.

Европада Биринчи апрель байрами XVI асрда пайдо бўлган. Бунга Француз қироли Карл Iнинг 1564 йилда янги йилни 1 апрелдан 1 январга кўчириш тўғрисидаги фармони сабаб бўлган. Аммо одатга кўра одамлар 1 апрелда бир-бирларни янги йил билан табриклайверишган. Аммо байрам ҳақиқий бўлмагани боис совғаларни ҳазил сифатида қабул қилишган. Масалан, бўм-бўш қутилар совға қилинган. Вақт ўтиши билан ҳазил биринчи апрель анъанасига айланиб қолган. Бу анъана ҳамон давом этмоқда.

Яқинда топилган Philogelos (кулгу ишқибозлари) деб номланган ҳужжатда қадимий кулгу ҳақида тасаввур уйғотади. Грециядан топилган бу ҳужжат муаллифлари Гиерокл ва Филагриус бўлиб, эрамизнинг учинчи ёки тўртинчи асрларига оид бўлиб, унда 260 га яқин ҳазил ёзилган.

Ҳажвиянинг муҳим хусусияти унинг маълум макон ва замонда бўлишидир. Ҳажвия жамиятда юз бераётган ҳодисалар туфайли туғилади. Ҳажвиянинг илдизлари эрамиздан аввалги 2 асрларга бориб тақалади. Тарихчи Плинийнинг ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда Гиппонакт исмли шоир бир инсон ҳақида ўткир ҳажвия ёзади. Охир оқибат ўша одам ўз жонига қасд қилади. 18 асрдан бошлаб ҳажвия худди табиий офат каби Европадаги барча газета ва журналларни эгаллаб ола бошлади. Ҳажвия худди ойнадир. Фақат унда ўзингиздан бошқа ҳамманинг юзини кўришингиз мумкин. Ҳажвия ижтимоий адолатга қарши бўлганларга нисбатан ҳужум.

Шу ўринда айрим хусусий газеталарда берилаётган латифалар ҳақида фикр билдиришга қарор қилдик. Бу латифалар зўрма-зўраки, мазмуни англаб етилмаган ҳолда рус тилидан ўзбекчага таржима қилинади, гўё:

– Азизим, сен яқинда Ота бўласан.
– Нима, Ватикандан телефон қилишдими?

Қаерда кулишни билмайсиз. Аслида русчада:

– Дорогой, ты скоро станешь папой!

– С Ватикана звонили?!… бўлиб, эр гапни Рим Папаси томон буриб юборган.

Яна бир латифани ўқидим.

Чукчадан “Кимнинг косманавтикаси зўр?” деб сўрашибди. У

– Бизники, албатта — дейди.

Бу ерда ҳам кулгули жойи йўқ.

Интернетни қидириб, бу латифани аслини топдим.

Чукчу спрашивают:
— Чья космонавтика лучшая в мире?

— Наса, однака!

Яъни, чукча “наша”(бизники) демоқчи бўлган. Шу латифа орқали сўз ўйини қилинади. Яъни АҚШнинг НАСА фазовий агентлиги кўзда тутилади.

Фақат кулгу бизни фикрлайдиган қилади. Ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинаётган айрим ҳажвий кўрсатувлардан ҳам одамнинг кўнгли тўлмайди. Чунки уларда изоҳлар кўп. Вальтер айтганидек, тушунтирилган ҳазилнинг қизиғи қолмайди.

Ҳажвий кўрсатувлардан биридаги лавҳа эсимда қолган.

Юнусободда машинага қўл кўтарган киши “Боғдодга элтиб қўйинг” дейди. Ҳайдовчи ҳайрон қолганини кўргач эса, “Фарғонанинг Боғдодига” деб тушунтириш беради. Мана шу лавҳа ишонарли чиқмаган. Чунки Тошкентнинг Юнусобод туманидан Фарғонанинг Боғдодига ҳам, Ироқнинг Боғдодига ҳам такси юрмайди. Шунинг ўрнига “Нукус”га, “Қозоғистон”га элтиб қўйинг, беш минг бераман” деса, ҳам ишонарли, ҳам кулгули чиқарди. Нукус деганда шаҳар ва Қозоғистон деганда республика тушинилади. Лекин сўз ўйини орқали “Нукус” ва “Қозоғистон” кинотеатрлари назарда тутилади.

Рус матбуотида “Утка” (“Ўрдак”) ибораси кўп ишлатилади. Тўғри ҳозир бизнинг матбуотда бу ибора ишлатилмайди, авваллари қўлланиларди. Бу иборанинг келиб чиқишига Германия нашрлардан биридаги мақолага муҳаррирнинг N.T. — non testator (“текширилмаган”) деган ёзуви сабаб бўлган. Бу сўзнинг аббревиатураси(қисқартирилган ҳолда ўқилиши) немис тилида Ente (ўрдак) деган маънони англатади. Бу ҳам кулгули воқеа сифатида талқин қилинади.

Матбуотда 1 апрель санасида кўплаб ҳазиллар эълон қилинган.

Масалан, 1899 йилда Денвер газеталарида Буюк Хитой деворининг бузиб ташланиши борасида хабар босилган.

1980 йилда BBC радиоси Биг-Бен соатининг механик циферблати замонавий электрон циферблатга алмаштирилишини маълум қилди.

1986 йилда Le Parisien газетаси стадион қурилиши муносабати билан Эйфел минораси бузилиши хақида хабар берди.

1975 йилда Австралиянинг This Day Tonight янгиликлар дастурида эндиликда бир дақиқа юз сониядан иборат бўлиши, яъни бир кеча кундуз 20 соатдан ташкил топиши хақида қарор қабул қилингани борасида ахборот берилди.

2008 йилда BBC Антарктикада қишлаш учун Жанубий Америкага йўл олган учувчи пингвинлар суратга олинганини маълум қилди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
8 115