ЎзА Ўзбек

13.09.2018 07:10 Чоп этиш версияси

Бир уйда қамалиб ётишнинг азобини биласизми?

Бир уйда қамалиб ётишнинг азобини биласизми? Бу Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Чаноқ“ маҳалла фуқаролар йиғини Мустақиллик кўчасида яшовчи Жума Чориевнинг сўзлари.

Жума Чориев 1967 йилда туғилган. Бахтсиз ҳодиса сабаб етти йил олдин ногирон бўлиб қолди. Оилада етти киши яшайди. Ногиронлиги сабаб кўчага чиқа олмайди.

– Бундай дардни ҳеч кимга раво кўрмайман, – дейди Ж.Чориев. – Гоҳида дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетади. Яхшиямки оилам, фарзандларим ёнимда. Доим кўнглимни кўтаришади. Маҳалла кўй ҳолимдан хабар олиб туради. Мана бугун сектор аъзолари дардимни тинглаб, ногиронлик аравачаси совға қилишди. Энди ўзим истаган пайтимда ташқарига мустақил чиқа оламан. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оламан. Бир уйда қамалиб ётишнинг қанчалик азоб эканини билсангиз эди. Бугун чиндан-да бахтиёрман. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолидан хабар олиб, мушкулимизни осон қилаётган, қўллаб-қувватлаётган ҳукуматимизга раҳмат.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-сектор таркибига кирувчи Ғузор туманида аҳоли муаммолари уйма-уй кирилиб ўрганилмоқда. Мавжуд камчиликлар жойида бартараф этилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, муҳтожларга ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётир. Аҳоли учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 413