Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.06.2018 08:18 Чоп этиш версияси

Бир шикоят изидан: Ноғорахонадан гап чиқди

Бир шикоят изидан: Ноғорахонадан гап чиқди
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Самарқанд вилояти Нарпай тумани Ноғорахона маҳалласида яшовчи фуқаро Шоира Суяровадан шикоят ариза келиб тушди.

Унда ёзилишича, Шоира Суярова ҳамда унинг турмуш ўртоғи Жамшид Суяров ўзлари яшаб турган маҳалла ҳудудида сунъий қопламали мини-футбол майдони ва спорт мажмуаси қуриш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Мурожаат қаноатлантирилиб, 2014 йил 8 майда Нарпай тумани ҳокимининг қарори билан Оқтош шаҳри “Ноғорахона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобидан 0,2125 гектар ер майдони ажратиб берилади. Тадбиркор бу ерда ўз маблағи ҳисобидан сунъий қопламали мини-футбол майдони қуриб, 2016 йилда ишга туширади. Стадион ёнида қолган майдонда тадбиркор ёпиқ спорт мажмуаси қуришни режалаштиради ва шу мақсадда қўшимча ер майдони ажратилишини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилади.

Аммо сўралаётган ер 2018 йил 31 март куни туман ҳокимининг қарори билан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қуриш учун “QORAQIR CHORVASI” фермер хўжалигига ажратиб берилади.

Шикоятни ўрганиш учун Ноғорахона маҳалласида бўлдик.

18.JPG

faqat sayt.JPG

– Биз икки йилдан буён ушбу ер майдонини бизга ёпиқ спорт мажмуаси қуриш учун ажратиб беришини сўраб ҳокимликка бир неча бор мурожаат қилдик, – дейди Ш.Суярова. –Ҳатто, жорий йил 8 январь куни туман ҳокимига ёзган аризамда ўзимизнинг мини-футбол майдонимиз ёнидан спорт зали билан бирга, маиший хизмат кўрсатиш биноси қуришга ҳам рози бўлиб, 4 сотих ер сўрадим. Аммо аризамга Нарпай туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи, бош архитектор И.Мардонов имзоси билан келган хатда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори билан 2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида доимий фойдаланишга ер майдони 1 гектаргача ва 1 гектар бўлган ер участкалари фақат танлов асосида берилади. Ушбу қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 35-бандига асосан танловда қатнашиш учун “Кўчмас мулк савдо хизмати” МЧЖнинг ҳудудий филиалига ер участкаси олиш учун мурожаат қилишингизни маълум қиламиз”, деб жавоб берилди. Лекин биз сўраётган ер учун ҳеч қандай танлов ўтказилмади-ку?! Танловсиз бериладиган ер экан-ку! Нега бизга нотўғри маълумот беришди?

Нарпай тумани ҳокимлиги қурилиш бўйича бош мутахассиси Н.Пўлатов эса Ш.Суярованинг бу саволига жавобан “аризачига бу ҳақда тушунтирганмиз”, дейиш билан чекланди.

– 16 май куни бир гуруҳ фаоллар билан Ноғорахона маҳалласига бориб, Ж.Суяров ва Ш.Суярова ҳамда “QORAQIR CHORVASI” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Боймуродов билан учрашдик, – дейди Нарпай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Раҳмонов. – Ушбу ер майдони учун қарор қабул қилингани, энди тортишиш, аризабозликдан фойда йўқлигини тушунтирдик. Ҳудудда маиший хизмат комплекси қурилса, маҳалла аҳлига хизмат қилиши, бир неча киши иш билан таъминланишини айтдик.

“Ноғорахона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Абдуллаевнинг айтишича, маҳалла аҳли ҳудудда ёпиқ спорт зали бўлишини истайди. Бироқ аҳолининг кўпчилиги маиший хизмат мажмуаси қурилиши тарафдори экан. Чунки, фермер хўжалиги маиший хизмат мажмуасининг иккинчи қаватида тикувчилик цехи очиб, 20 кишини иш билан таъминлашни режалаштирган. Айниқса, бу ерда ўтган йил қурилган ҳар бири 16 хонадондан иборат иккита кўп қаватли уйда яшовчиларнинг кўпчилиги ишсиз, эҳтиёжманд оилалар ҳисобланади.

Шоира Суярова эса маҳаллада спорт мажмуаси қуришни сўраб ёзилган аризага ҳудудда яшовчи 50 га яқин киши имзо қўйганини айтиб, ер учун қарор қабул қилишда маҳалла аҳлининг фикри инобатга олинмаганини баён этди.

Аслида, маҳалланинг ўзида, туман доирасида ҳал бўладиган масаланинг бу қадар чигаллашиб кетиши, турли идораларга мурожаатлар кўпайиши бизнинг назаримизда икки томоннинг ҳам бир-бирини тушунмагани, муаммо ҳокимлик, тадбиркорлар ва маҳалла аҳли иштирокида очиқ-ойдин муҳокама этиб ҳал этилмагани билан боғлиқ.

Негаки, Ж.Суяров ва Ш.Суярова сунъий қопламали футбол-майдони ёнида ўз тасарруфидаги ер майдонида кичикроқ бўлса-да, ёпиқ спорт мажмуаси – спорт зали қуриши мумкин. Тадбиркор ҳозир ҳам бу ишни бажаришга тайёр. Лекин уларнинг айтишича, шу пайтгача бу ҳақда на ҳокимлик ва на бошқа мутасадди идора тушунтирган.

Ҳокимлик вакиллари, фаоллар туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдони учун қарор чиқишидан олдин тадбиркорларни муросага чақириши, маҳалла аҳли билан учрашиб, уларнинг фикрини эшитиши мумкин эди-ку!? Балки шунда Ноғорахонадан бунақа гап-сўзлар чиқмасмиди... 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
5 744