Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 12:31 Чоп этиш версияси

Бир оила фарзандларидек

Бир оила фарзандларидек Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашдир. Бунда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни асрашда юртимиздаги барча миллат вакилларининг ягона оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаши, меҳнат қилиши, илм олиши учун янада қулай шароит яратиш устувор аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган қозоқ, туркман, рус, корейс, украин миллий маданий марказлари ҳам юртимиздаги тинчлик, тотувлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида туркман миллатига мансуб 100 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар ҳам барча юртдошларимиз қатори Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

– Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Ўзбек ва туркман халқларининг азалий тарихи, маданияти, маънавияти, такдири, айтиш мумкинки, юраги абадул-абад туташиб, бирлашиб кетган”, – дейди туркман миллий маданий маркази раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Муратбой Тағанмуратов. – Ўзбекистонимизда барча миллатларнинг ўз тили, адабиёти, урф-одат ва анъаналарини ривожлантириши учун тенг шароитлар яратилган. 1999 йилда ташкил этилган бизнинг марказ ҳам турли тадбирларда фаол иштирок этиб келади. Туркман халқининг миллий қадриятлари, тарихи, маданиятини келажак авлодга етказиш, халқ амалий санъатини оммалаштириш марказнинг асосий вазифаларидандир.

Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларни педагог-кадрлар билан таъминлашда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети алоҳида аҳамиятга эга.

– Мустақиллигимизнинг иккинчи йили, яъни 1992 йилда туркман филологияси бўлими ташкил этилган, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси Тиркаш Бойжонов. – Ҳар йили 30 дан ортиқ ёшлар туркман тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислигига эга бўлиб, таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларга йўлланма олади. Бу мактабларни дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашда Қорақалпоғистон Республикаси туркман миллий маданий марказининг муносиб ҳиссаси бор.

Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё, Хўжайли ва Шуманай туманларидаги умумтаълим мактабларида 8 мингдан зиёд ўғил-қиз туркман тилида таҳсил олади.

– Тумандаги 20 умумтаълим мактабида туркман тилида сабоқ берилади, – дейди Тўрткўл тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва методик таъминлаш бўлими мудири Маҳмуд Қулимбетов. – Уларда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб улғайтириш учун барча шароит яратилган. “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ўзбекистон – ягона Ватан”, “Шу азиз Ватан – барчамизники, унинг фаровон келажаги ва тақдири учун яшаш, курашиш биз учун энг юксак бахт” шиори остида турли тадбирлар, фестиваль ва учрашувлар ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикасида 2001 йилдан буён туркман тилида “Мекан” газетаси нашр этилади, ўтган йили Қорақалпоғистон радиосида туркман тилида эшиттириш олиб борадиган “Диёр” канали фаолият бошлади. Миллий маданий марказ қошида фаолият олиб бораётган “Орзу” туркман халқ ансамбли туркман миллий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Атоқли ўзбек ва қорақалпоқ адибларининг асарлари туркман тилига таржима қилиниб, кенг китобхонлар оммасига етказилмоқда.

Миллатлараро тотувлик ғояси умумбашарий қадрият бўлиб, кўп миллатли мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Бу ғоя тинчлик ва тотувлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 673






Все о погоде - Pogoda.uz