Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2018 12:39 Чоп этиш версияси

Бир кунда 1435 нафар ёш тадбиркор иш бошлайдиган бўлди

Бир кунда 1435 нафар ёш тадбиркор иш бошлайдиган бўлди
Андижон вилоятида “Ёшлар – келажагимиз“ давлат дастурини амалга оширишга киришилди.

Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида махсус ишчи гуруҳлар 878 та маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриб, ёшларнинг тадбиркорлик борасидаги қизиқиш ва имкониятларини ўрганади. Бунда айниқса, ишсиз ва чет элга чиқиб кетганларга алоҳида эътибор қаратилади. Шу тариқа йиғилган маълумотларнинг ягона базаси яратилади.

photo5348034608182176063.jpg

Шанба – ёшлар билан ишлаш куни, деб эълон қилинди. Вилоят ҳокими намуна сифатида дастлабки “Ҳоким ва ёшлар“ учрашувини ўтказди. Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига 3,5 мингдан зиёд ёшлар таклиф этилди. Учрашув доирасида вилоят прокуратураси, ички ишлар, меҳнат ва бандлик бошқармалари, қатор ташкилотлар ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси, шунингдек, ҳунарманд ва тадбиркорлар, агрофирмаларнинг кўргазмалари ташкил этилди. Ёшлар ўзлари истаган йўналишлар бўйича тавсия ва маслаҳатлар олди.

photo5348034608182176064.jpg

Имтиёзли кредитлар йигит-қизларнинг янги ғоя ва ташаббусларга рағбатини ошираётгани учрашувда ҳам ўз ифодасини топди. Амфитеатрга ташриф буюрган 3,5 минг нафар ёшдан 1435 нафари уйига тадбиркор сифатида қайтди. Яъни, таклиф этилган 40 йўналишдан бирининг бошини маҳкам ушлаб, банк кредити ҳисобига шу ернинг ўзида таъминотчи ташкилотлар билан шартнома тузди ва танлаган йўналишида фаолият бошлашга зарур маҳсулотлар, ускуна ва жиҳозлар олди.

photo5348194578534082903.jpg

– Автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича бизнес-режамни тақдим этдим, – дейди Марҳамат туманидан келган Аъзамхон Мадаминов. – Лойиҳани амалга ошириш учун 200 миллион сўм миқдорида молиявий ёрдам зарур эди. Вилоят ҳокими лойиҳамни маъқуллади. “Агробанк“ энг кам ойлик иш ҳақининг минг баробари миқдорида кредит ажратадиган бўлди. Бундан жуда мамнунман.

Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
1 861