Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 19:22 Чоп этиш версияси

Чегарачилар тест синовларини топширди

Чегарачилар тест синовларини топширди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ҳарбий қисм қўмондонлигининг олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берадиган тавсияномаси учун давлат тест синовларини топширди.

Намунали хулқи, жанговар тайёргарлиги ва юксак интеллектуал салоҳияти билан сафдошларига ибрат бўлаётган мард, жасур ўғлонларга кўрсатилаётган бундай эътибор уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаётир.

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган ёшларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар тизими белгилангани алоҳида қайд этилганида чуқур маъно бор, – дейди офицер З.Исломов. – Тест синовлари якунида ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган аскарлар барча мутахассислик ва йўналишлар бўйича мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Бунинг учун улар тест синовлари натижаларида энг кўп балл тўплаши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг тест синовлари Ватанимизнинг жанубий сарҳадларидаги ҳарбий қисмларда ҳам очиқ ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилди. Унда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаб бўлгач, олий ўқув юртига ҳужжат топшириш истагида бўлган аскарлар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий интизом ва мантиқий саволлар бўйича ўз билимини синовдан ўтказди.

– Муддатли ҳарбий хизмат даврида жисмонан ва маънан янада тобланиб, мустақил ҳаёт йўлимни белгилаб олдим, – дейди оддий аскар Мавлонбек Ҳакимжонов. – Ҳуқуқий-ижтимоий ва бошқа фанлар бўйича билимимни мустаҳкамладим. Тест саволларига хизмат даврида олган билим ва кўникмаларим асосида аниқ жавоб топишга ҳаракат қилдим.

Оддий аскар Шоҳбоз Мирзаев хизмат бурчини ўташ даврида келажакда профессионал чегарачи бўлишни кўнглига тугди, олий ҳарбий билим даргоҳларидан бирига ҳужжат топширишга аҳд қилди.

– Она каби муқаддас, ҳар қаричи азиз Ватанни ҳимоя қилиш йигит учун том маънодаги шон-шараф иши эканини янада теран англадим, – дейди Шоҳбоз. – Конституциявий бурчимни адо этиш даврида ҳарбийлик касбини танлаганимдан ҳамиша фахрланаман. Бугунги тест билимларимни жиддий синовдан ўтказди.

Тест синовлари натижалари тегишли текширувдан ўтказилгач, ҳарбий қисм қўмондонлигига юборилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг ана шу маълумотлари асосида энг юқори балл тўплаган аскарлар ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш жараёнида тавсияномаларга эга бўлиб, ўзлари танлаган касб бўйича олий ўқув юртига ҳужжат топширади.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
3 740






Все о погоде - Pogoda.uz