Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Байрам шукуҳи тинчлик билан

Фидойи фарзандлари бисёр элу юртгина нафақат мустақил, балки жаҳон айвонида ўз мустаҳкам ўрнига эга давлатга айланади. Буни Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва мустақил давлат сифатида тараққий этиб, дунёга танилиши билан боғлиқ шонли тарихи мисолида кўриш мумкин.

Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйи билан боғлиқ тадбирлар «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ўтказилаётгани бежиз эмас. Зеро, бугунги кун, давр ҳар биримиздан ватанпарварликни, фидойиликни талаб этмоқда. Айниқса, юрт осойишталиги посбонларининг бу борадаги масъулияти янада юксак. Хусусан, ички ишлар органлари зиммасига байрамни тинч-осойишта ўтказиш, халқимизнинг кўнгилдагидек шоду хуррамлик қилиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш топширилган.

ЎзА мухбири ана шу мақсадда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов билан суҳбатлашди.

– Даврон Обидович, мустақиллик байрамини тинч ва осуда ўтказиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида байрамни муносиб кутиб олишга эътибор қаратилган. Зеро, мустақиллик куни халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, миллий манфаатларимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Истиқлол йилларида юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига доим устувор аҳамият берилди. Бу профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилганида, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида намоён бўлмоқда.

Мазкур хизматларнинг барчаси ҳозирги кунда мустақиллик байрамини тинч-осойишта ўтказиш, халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 август куни ички ишлар органлари ходимлари билан бўлган учрашувда айтилган мулоҳазалар бундан кейинги фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлади. Ҳозир мазкур йиғилишда ички ишлар органлари ходимларига қаратила айтилган мулоҳазалар, танқидий фикрлардан келиб чиқиб тизимимиздаги ишлар бутунлай қайта кўриб чиқилмоқда. Ишонтириб айтаманки, одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак, деган эгзу ғоя амалда албатта рўёбга чиқади.

«Тозалаш-антитеррор» тадбирларида қандай натижаларга эришилмоқда?

– Мазкур тадбирга 15 мингдан зиёд ички ишлар органлари ходимлари ҳамда 27 мингдан ортиқ жамоатчилик вакиллари жалб этилган. Улар иштирокида маҳаллаларда жойлашган объектларнинг барчаси хавфсизлик нуқтаи назари билан ўрганиб чиқилди.

Жумладан, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, корхона ва ташкилот, меҳмонхона, муассаса, кафе-бар ва ресторанлар, савдо ва хизмат кўрстувчи объектлар, қурилиши тугалланмаган жойлар, гаражлар ва ҳоказолар ўрганиб чиқилди. Шу аснода қарийб 10 минг ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Айбдорларнинг тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Шубҳа уйғотганлиги ёки ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун 16 мингга яқин шахс ички ишлар органларига олиб келинди. Улар билан тегишли тартибда иш олиб борилмоқда.

Тадбир давомида жами 660 нафар ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахс аниқланиб, профилактик ҳисобга олинди. 454 нафар жиноят содир этиб қидирувда юрган шахслар ушланди. Текширувлар давомида 10 қурол, 4 ўқ-дори, 5 диний экстремистик оқимларга мансуб адабиёт ва варақа олинди. Жиноятчи шахслардан 126 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда олинди. Блок постлар ва чегара масканларида барча автоулов ҳамда поездлар текширувдан ўтказилаётир. Аниқланган қонунга зид ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Паспорт-виза қоидаларини бузган 3 мингга яқин шахс жавобгарликка тортилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган 13 нафар хориж фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатдан чиқариб юборилди.

– Ўз уйингни ўзинг асра, деган пурмаъно ҳикмат ҳаёт тарзимизга чуқур сингиб бормоқда. Бунинг замирида ҳар бир маҳалла, хонадон осойишталигига жавобгар бўлган профилактика инспектори масъулияти ҳам мужассам. Мазкур хизматнинг ўрни, улар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Бу соҳа ходимлари, айниқса, маҳаллаларда бевосита халқ орасида иш олиб борадиган профилактика инспекторлари фаолиятини тубдан ўзгартиришни тақозо этди. Одамларнинг кундалик ҳаёти, дарду ташвишларига ҳамдам, ҳамдард бўлиш бугунги кун талабига айланди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилингани профилактика инспекторлари фаолияти самарасини оширишда муҳим ўрин тутди. Чунки профилактика куни аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда қилинаётган ишлар, ҳамкорликда бажарилиши зарур бўлган вазифалар билан бир қаторда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик аҳволи, бунга йўл қўяётган шахслар қилмиши муҳокама этилаётгани бесамар кетмаётир. Бу ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар камаяётгани, маҳаллалар муҳити соғломлашаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда олиб борилган кенг қамровли профилактика тадбирлари натижасида 1765 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

– Ёнғинларнинг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари қандай йўлга қўйилган?

– Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидан. Шу боис аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Шу мақсадда тезкор штаб тузилган ва ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.

Байрам тантаналари ўтказиладиган жойлар, улар атрофида жойлашган корхона ва ташкилот, аҳоли турар жойлари рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунга қадар мазкур объектлар ёнғин-профилактика кўригидан ўтказилди. Кўп қаватли уйларнинг чордоқ ва ертўлалари беркитилиши таъминланди.

Ҳафтанинг чоршанба куни ўтказилаётган ёнғин хавфсизлиги профилактикаси кунларида ҳам бу масалалар алоҳида эътиборда.

Ўта муҳим ва тоифаланган объектлардан барчаси ўрганиб чиқилди. Ушбу масканларнинг ёнғиндан муҳофаза қилувчи қисмлари шахсий таркибининг жанговарлигини ошириш, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни тезда бартараф этиш, махсус хизматлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида гарнизонлардаги куч ва воситаларни ҳамда бошқа хизматларни жалб қилган ҳолда ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва машғулотлар ўтказилди.

Олиб борилаётган профилактик ишлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган ёки бажармаган мингдан зиёд фуқаро, жавобгар ва мансабдор шахсга тегишли тартибда 114 миллион сўмдан ортиқ жарима солинди. 6 мингдан зиёд ёнғин чиқиш хавфи бўлган носоз электр тармоқлар ва агрегатлар манбаидан узиб қўйилди.

Байрам тантаналари ўтадиган жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилиши ҳамда ушбу жойларда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни зудликда бартараф этиш мақсадида белгиланган жойларга ёнғин ўчириш автоэкипажлари жалб этилиши тўлиқ таъминланади.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, байрам муносабати билан пойтахтимизда хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида транспорт воситалари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жиддий текширувдан ўтказилмоқда. Байрам арафасида ва байрам кунлари пойтахтга кириб келаётган транспорт воситалари қатнови бироз чекланиши ҳам мумкин.

Амалга ошираётган ишларимизнинг самарадорлиги аҳолининг ҳуқуқий маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Шуни эътиборга олиб барча хизматлар ходимлари маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказиб, тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда нафақат осойишталик қадри, балки аҳолини огоҳликка чорловчи, ҳар бир инсон ўз уйини, маҳалласини асрашга масъул эканига эътибор қаратилаётир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда халқимиз учун энг қадрли бўлган, йиллар ўтгани сари шукуҳи ортиб бораётган мустақиллик аёмини ёруғ юз билан кутиб олиш учун барча шарт-шароит яратилган. Энг муҳими, бугунги кунда дунёда турли хавфу-хатар, таҳлика кучайган бир шароитда она диёримизда тинчлик-осойишталик таъминланган. Буни АҚШнинг Гэллап институти томонидан яқинда “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси”да Ўзбекистон яна бир бор юқори ўринга сазовор бўлгани, яъни иккинчи поғонани эгаллагани ҳам тасдиқлаб турибди.

Буларнинг барининг қадрига етиш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликни, ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асрашга, мустақилликни мустаҳамлашга ҳар биримиз масъул эканимизни унутмайлик. Ватан равнақи, тараққиёти йўлида фидойилик қилиш кундалик тарзимизга айланса эртанги кунимиз бугунгидан ёруғроқ, келажагимиз орзуимиздагидан-да порлоқ бўлажак.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 118






Все о погоде - Pogoda.uz