Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятида Наврўз байрами кўтаринки руҳда ўтиши учун пухта тайёрлик кўрилди

Мамлакатимиз бўйлаб Наврўз шодиёналари кенг нишонланмоқда. Янгиланиш ва яшариш айёмида табиат гўзаллигию таровати инсонлар қалбига ҳам ўзгача кайфият бағишлайди. Кўнгилларда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат ришталари янада жўш уради. Инсонлар бир-бирини йўқлаб, кекса ва муҳтожлар ҳолидан хабар олади.

Навоий вилоятида ҳам миллий қадриятларимиз кенг тантана қилинадиган айёмнинг тинч-осойишта ва кўтаринки руҳда ўтиши учун пухта тайёрлик кўрилди. Кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, ҳар бир ҳудуд байрамона тусда безатилди.

Вилоятда Наврўз сайиллари ўтадиган жойларда жамоат тартибини сақлаш, байрамона кайфият барқарорлигини таъминлаш мақсадида тегишли ишлар амалга оширилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда “Тозалаш-Антитеррор” тезкор-профилактик тадбири ўтказилди, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси инспектори, катта лейтенант М.Қурбонова. – Ўтказилган тадбирлар давомида тезкор штаб томонидан 142 мингдан ортиқ эътибордан четда қолган бино ва иншоот тўлиқ кўздан кечирилди. Бундай тизимли ишлар самарасида жиноят содир этиб, яшириниб юрган 19 фуқаро қўлга олинди, фош этилмай келаётган 4 жиноят изи очилди. Аҳоли томонидан ноқонуний сақлаб келинаётган 3 ов қуроли олиниб, тегишли чоралар кўрилди.

Ўрганишлар давомида гиёҳванд моддаларни сақлаш билан боғлиқ 6 ҳолат аниқланиб, тергов жараёнида қарийб 253 грамм “марихуанна” моддаси топилган. Жиноятчилар қўлга олинган.

Мухтасар айтганда, бу каби ҳамкорликдаги ишлар юртимиз тинчлигини янада мустаҳкамлаш, байрам тадбирларини тинч-хотиржам ва юқори савияда ўтказишга хизмат қилади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 963






Все о погоде - Pogoda.uz