ЎзА Ўзбек

08.12.2017 14:56 Чоп этиш версияси

Байрам иштирокчилари қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишмоқда

Байрам иштирокчилари қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишмоқда Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтаётган тадбирлар иштирокчилари Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводида ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, пировардида, қўл меҳнатини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Германия, Россия, Туркия, Беларусь каби ўнга яқин мамлакат билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари яхши самара бермоқда.

4.JPG

Аграр соҳа вакиллари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Мазкур техникаларни сотиб олиш усуллари, фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлиги ҳақида маълумотга эга бўлди.

Тадбир иштирокчилари “Ўзкўргазмасавдо” марказида жорий йил 1-10 декабрь кунлари бўлиб ўтаётган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси фаолияти билан танишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси тузилди. “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиш режалаштирилган, Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилади. Пировардида, сифатли асал ва асал маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб, экспорт кўлами кенгаяди.

20.JPG

Асал байрамига ташриф буюрган меҳмонлар мутахассислар билан соҳанинг нозик сирлари, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқни кенгайтириш истиқболлари борасида фикр алмашди.

Аграр соҳа вакиллари Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» от заводи фаолияти билан танишди.

Бу ерда парваришланаётган қадимий от зотлари – Ахалтака тулпорлари дунёга машҳур саналади. Бугунги кунда мазкур от заводида 400 га яқин Ахалтака, инглиз ва араб зотли отлар бор.

18.JPG

Мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти жадал ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Болалигимдан от боқишга қизиқаман. Шу боис, фермерлик фаолиятимда ҳам йилқичиликка асосий эътибор қаратдим, – дейди Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги "Орол неъматлари" фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Неъматов. – Бугунги кунда хўжалигимизда ғалла ва пахта етиштиришдан ташқари, балиқчилик, асаларичилик билан шуғулланмоқдамиз. Шунингдек, 150 от, 450 қорамол, 300 қўй боқилаётир. Келажакда зотдор отларни кўпайтириш ниятидамиз. Бугун "Ўзбегим отлари" от заводида бу борада керакли маълумотларни олдик, ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик.

Байрам иштирокчилари Тошкент вилоятидаги илғор қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишмоқда.

Сайёра Шоева, Улуғбек Асроров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
15 184