Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 17:48 Чоп этиш версияси

Барча янги ғоялар халқ манфаатига йўналтирилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган лойиҳалар билан танишиш мақсадида 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятида бўлди.

Ташриф давомида белгиланган кенг кўламли вазифалар, муҳокама қилинган истиқболли режалар жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шерзод Эшмонов, Булунғур туманидаги “INTERLEGNO” МЧЖ раҳбари:

– Мамлакатимизда енгил саноат соҳасини янада ривожлантириш мақсадида сифат ўзгаришларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тўхтаб қолган эски корхоналар ўрнида замонавий ишлаб чиқариш объектлари қад ростламоқда. Тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар уларнинг ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашига имкон яратмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг янада жадал ривожланиши, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламининг кенгайишини таъминламоқда.

Бу борада Президентимизнинг «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз ташкил қилаётган корхона лойиҳаси билан танишгач, яратиладиган иш ўринлари билан қизиқди.

Дарҳақиқат, бугун яратилажак иш ўринларининг аҳамияти жуда катта. Дастлабки ҳисоб-китобимизга кўра, мингга яқин иш ўрни яратилади, шунинг 50 фоизига коллеж битирувчилари таклиф этилади. Туманимизда мазкур соҳага ихтисослашган коллежлар бор. Шундай экан, малакали кадрлар тайёрлаш масаласида коллежлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаймиз.

Давлатимиз раҳбари фаолиятимизни самарали йўлга қўйишимизда давлат томонидан барча ёрдам кўрсатилишини айтганларида кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу сўзлар бизни янги куч билан юксак марралар сари самарали меҳнат қилишимизга ундамоқда.

Агнешка Пшеводовска, Бонин шаҳридаги ўсимликшунослик илмий-тадқиқот маркази директори (Польша):

– Биз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ошириш бўйича тадқиқот олиб бормоқдамиз. Жомбой туманидаги “Шарқ саноати” концерни билан ҳамкорликда мевали дарахтларни микроклонлаштириш бўйича самарали натижаларга эришдик.

Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда картошка кўчатларини интенсив усулда етиштиришни йўлга қўймоқдамиз. Бунда картошка тез пишади ва касалликларга чидамли бўлади.

Картошка вирусли, бактерияли ва замбуруғли касалликларга мойилдир. Айниқса, уруғлик картошкани вируслардан тозалаш жуда мураккаб бўлиб, бу оқибатда ҳосилдорликнинг кескин камайишига олиб келади. Вирусларнинг айрим турлари ҳосилдорликни 50-80 фоизга қисқартиради. Бугунги кунда уруғлик картошкани вируслардан халос этишнинг самарали усулларидан бири уни меристема усулида етиштиришдир.

Биз Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу йўналишда амалга ошираётган ишларимиз, эришаётган натижаларимиз ҳақида сўзлаб бердик. Президент мазкур йўналишда ўзининг фикрларини баён қилди, янада самарадорликка эришиш бўйича маслаҳатлар берди.

Жўрабек Мелибоев, трамвай ҳайдовчиси:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратгани ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий трамвай линияларини барпо этиш зарурлигини таъкидлаганида юрагим энтикиб кетди. Чунки асли касбим трамвай ҳайдовчиси.

Орадан ўтган қисқа вақт ичида замонавий трамвай линиялари қуриб, битказилди. Менга трамвай бошқаришни таклиф қилишганида хурсандчилик билан рози бўлдим. Биз бошқараётган трамвайларнинг илк йўловчиларидан бири Президентимиз бўлганидан ҳурсандмиз. Одамларимиз кўнглида шодлик. Замонавий трамвайларга қараб кундан-кун обод бўлиб бораётган Ватанимиз равнақига қўшаётган ҳиссамиздан миннатдормиз.

Жозеф Поспичал, сайёҳ (Австрия):

– Вена шаҳрида 20 йил трамвай бошқарганман. Бугун ихтисослаштирилган мактабда болаларга дарс бераман. Ўзбекистонга келишдан олдин интернет орқали Самарқандда қурилаётган трамвай линиялари ҳақида хабар топган эдим. Самарқандга сафаримиз ушбу шаҳарда трамвай ҳаракати бошланишига тўғри келганидан мамнунман. Бу транспорт воситасининг афзалликлари талайгина.

Меҳмондўст ўзбек халқи ва мамлакатингиз менда катта таассурот қолдирди. Ватанимга қайтиб, дўсту биродарларимга сўзлаб берадиган завқли эсдаликларим кўплигидан хурсандман.

Ўзбекистонга келиб эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлдим. Ҳақиқий серқуёш замин. Шаҳарлар тоза, осойишта. Ҳамманинг бир-бирига илтифотли ва меҳрибонлиги бизда ҳавас уйғотди.

Шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Айниқса, маҳобатли иншоотлар ва муҳташам бинолар, замонавий ва миллий услубни ўзида мужассам этган меҳмонхоналар биз каби сайёҳлар ва меҳмонларга манзур бўлмоқда. Меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш юксак даражада ташкил этилган. Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик халқингизнинг энг катта ютуқларидандир.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
3 100






Все о погоде - Pogoda.uz