Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.07.2018 19:27 Чоп этиш версияси

Барча оромгоҳларда ҳам шароит талаб даражасидами?

Барча оромгоҳларда ҳам шароит талаб даражасидами? Жиззах вилоятидаги 74, жумладан, шаҳар ташқарисидаги 12, умумтаълим мактаблари қошидаги 62 оромгоҳда 9 минг 525 нафар ўқувчини дам олдириш режалаштирилган.

Барча оромгоҳларда дам олишнинг биринчи босқичи якунланди. Дастлабки босқичда шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда 1 минг 652 нафар бола ҳордиқ чиқарди. Айни пайтда ушбу оромгоҳларнинг иккинчи босқичида 1 минг 108 нафар бола ҳордиқ чиқараётир.

Болалар ёзги дам олишини ташкил этишда ижтимоий муассасалар тарбияланувчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

6.JPG

Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган энг сўлим маскан – Уобсойдаги “Лочин” оромгоҳида Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйининг 95 тарбияланувчиси ёзги таътилни ўтказмоқда. Ҳудуддаги Шароф Рашидов номидаги оромгоҳнинг биринчи босқичида Жиззах шаҳридаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатининг 25 тарбияланувчиси бепул соғломлаштирилди. Бошқа оромгоҳларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳомийлиги билан кам таъминланган оилаларнинг 79 фарзанди бепул дам олдирилди.

Корхона, ташкилот, муассасалар маъмурияти ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида тузилган жамоа шартномалари асосида вилоятда 440 бола оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди.

– Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошида тузилган гуруҳ томонидан ўқувчиларнинг ёзги дам олишини тўғри ташкил этиш доимий таҳлил қилиб борилаётир, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг оромгоҳлар бўйича масъул мутахассиси Ф.Аҳмедов. – Бунинг натижасида оромгоҳларда ўқувчиларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муваффақиятли давом этмоқда. Айни пайтда 5 оромгоҳда дам олишнинг иккинчи босқичида, 3 тасида эса учинчи босқичда ўқувчилар дам олаётир. 4 тасида навбатдаги босқичга ўқувчиларни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Фориш туманининг Нурота тоғлари бағридаги хушманзара табиат қўйнида 3 та ўқувчилар ёзги оромгоҳи жойлашган. Айни пайтда бу оромгоҳларда ўқувчилар мавсумнинг иккинчи босқичида дам олаётир. 

8.JPG

Каттабоғдон қишлоғидаги “Аҳмад ота Файз” хусусий корхонасининг “Матлуботчи” ўқувчилар ёзги оромгоҳи вилоятдаги энг намунали муассасалардан бири саналади. Оромгоҳда бу йил ҳам мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди. Мавсумнинг биринчи босқичида муассасада 120 ўқувчи ҳордиқ чиқарди. Айни кунларда яна шунча бола кўнгилли дам олаётир.

Оромгоҳда ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт майдончалари талаб даражасида жиҳозланган. Белгиланган миқдорда дори-дармон билан тўлиқ таъминланган. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган режага мувофиқ, маданий-маърифий, спорт тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Мусиқа ва тасвирий санъат, инглиз тили, рақс ва бошқа тўгараклар фаолият юритмоқда.

– Мен ҳар йили оромгоҳда дам оламан, – дейди пахтакорлик 14 ёшли Аббос Саидмуродов. – Бу йилги дам олиш ҳам менга жуда ёқяпти. Тоғ бағрида, хушманзара сойда жойлашган оромгоҳда мириқиб ўйнаш, чўмилиш учун ҳамма шароит бор. Табиат қўйнига саёҳат, спорт мусобақалари, бадиий кечалар, танловлар ўтказилмоқда. Зерикиш йўқ!

Аммо ҳудуддаги барча оромгоҳларда ҳам ўқувчиларни дам олдириш “Матлуботчи”дагидек намунали ташкил этилган, деб бўлмайди. Хусусан, 188 ўқувчи дам олаётган “Жиззахгазтаъминот” унитар корхонаси вилоят мувофиқлаштириш бошқармаси тасарруфидаги “Зангори олов” оромгоҳи атрофи қаровсиз. Сарғайган ўт-ўланлар, бетартиб ташлаб кетилаётган ахлат уюмлари “ранг кўр, ҳол сўр” деган мақолни эсга солади.

Чўмилиш ҳавзасида сув йўқ, айтишларича, бу йил сой сувининг камлиги туфайли ҳавзани тўлдиришга улгура олишмаётган экан. Стадион ва бошқа спорт майдончаларининг аҳволи ҳам болалар ўйнаши учун қулай эмаслигини кўрсатиб турибди. Ёнғин хавфсизлиги қалқонида керакли анжомлар йўқ. Қум солиб қўядиган идиш ахлатга тўла.

Зафаробод туманидаги “Жилғача” оромгоҳида ҳам аҳвол шундай. Тиббиёт хонаси талабга жавоб бермайди. “Тайёр овқатлардан суткалик намуналари тўғри олиниши, сақланиши ва сифатини назорат қилиш дафтари”да кечқурунги овқат берилмасдан, “қониқарли” деб тўлдириб қўйилибди. Бу аҳволни оромгоҳ шифокори Ш.Турдиев ишга келганига бир кун бўлгани, ҳали бу масалаларни тартибга солишга улгура олмагани билан изоҳлади.

Чўмилиш ҳавзаси сувсиз. Кутубхонанинг ўқув хонаси йўқ. Китобларнинг аксарияти йиртилиб, яроқсиз ҳолга келган. Муассасада ёнғин хавфсизлиги талаблари бажарилмаган.

Оромгоҳ раҳбари Янглиш Шерқулованинг айтишича, бу камчиликларга мулк эгалигидаги ўзгариш – оромгоҳни хусусийлаштириш жараёни бораётгани сабаб бўлаётган экан. Унинг таъкидлашича, муассаса экотуризм йўналишида йил давомида ишлайдиган дам олиш масканига айлантириш учун “Responsible travel” масъулияти чекланган жамиятига сотилган экан. Мулкнинг янги эгаси муассасани ҳали тўлиқ расмийлаштирмаган, амалдаги эгаси эса, табиийки, сотиладиган иншоотга харажат қилгиси келмайди. Бу тушунарсиз “оралиқда” дам олишга келган ўқувчилар қийналмоқда, холос.

Ўқувчиларнинг ёзги дам олиш муддати қисқа. Қандайдир сансалорлик туфайли бу муддат самарасиз ўтишига йўл қўйиб бўладими? Мутасадди ташкилотлар камчиликларни тузатиш учун шошилинч чоралар кўради, деб ишонамиз.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
4 080