Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 18:42 Чоп этиш версияси

Барча эзгуликлар мужассам бўлган байрам

Барча эзгуликлар мужассам бўлган байрам
Муборак Рамазон ойи ҳам ниҳоясига етиб, барчамиз ислом оламидаги энг улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайитини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқдамиз.

Жорий йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ, тароват билан ўтганини алоҳида қайд этиш жоиз. Масжидларимиз таровеҳ намози, Қуръони карим қироатлари билан мунаввар бўлди. Намозхонлар ҳар куни ибодат асносида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуо қилди.

Халқимиз ушбу ойда мурувват-хайрия ишларида катта ғайрат-шижоат намойиш этди. “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётганлар, жойлардаги меҳр-мурувватга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинди, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, туман ва шаҳарлардаги имомлар томонидан саховатпеша юртдошларимиз кўмагида 154 миллион сўмликдан ортиқ моддий ёрдам берилди. Рамазон ойи давомида вилоятимиздаги 1000 га яқин қабристон, 50 га яқин зиёратгоҳ ва тарихий обида ободонлаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, бу қутлуғ ойда эзгу амаллар билан жисмонан ва руҳан чиниқдик, ўзимизда комиллик сифатларини ҳосил қилдик. Ана шундай файзу футуҳга тўла ўтган Рамазон ойи хотимаси бўлмиш Ийди Рамазонни ҳам ўзгача шукуҳ билан байрам қилмоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил 15-17 июнь кунлари байрам сифатида кенг нишонланади.

15 июнь куни ҳайит намози ўқиладиган жомеъ масжидларда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур шароитлар яратилди. Жамоат ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Ҳайит байрами – дунёдаги барча яхшиликларни ўзида мужассам этган кундир. Бу кунда қариндошлар, қўни-қўшнилар, ёр-биродарларга меҳр улашиш, ёрдамга муҳтожларга мурувват қўлини чўзиш лозим. Ҳар бир кишининг бу кунда ташвишу ғамларини унутиб, шоду хуррам байрам нишонлашига кўмаклашишимиз даркор.

Хонадонларимиздан тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, дастурхонимиздан тўкинлик аримасин. Ёмон кўзлардан, турли бало-қазолардан Ўзи сақласин.

Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакили,
вилоят бош имом хатиби

ЎзА
3 364