ЎзА Ўзбек

05.02.2018 13:02 Чоп этиш версияси

Бахтли йигитлар

Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктида чақирилувчиларнинг дастлабки гуруҳини муддатли ҳарбий хизматга кузатишда уларга шундай таъриф беришди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтиб, билим, маънавий ва жисмоний етукликда бошқалардан устун бўлган ҳолда ҳарбий хизматга қабул қилинишнинг ўзи йигитлар учун катта бахт. Чунки бир йиллик хизмат шунчаки конституциявий бурчни адо этиш эмас, балки ҳар бир йигитнинг ўз келажаги, келгуси ҳаёт йўлини белгилаб олиши учун етарли фурсат. Ҳарбий хизматдан сўнг уларга давлатимиз томонидан бериладиган имтиёз ва имкониятлар эса орзу-умидларнинг амалга ошишига ёрдам бериши шубҳасиз.

Йигитларни кузатиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А.Саидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Умаров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов ва бошқалар ана шу жиҳатлар ҳақида сўз юритиб, бўлажак асарларга оқ йўл тилади.

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ва туманлардаги мудофаа ишлари бўлимлари томонидан мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат чақирув комиссиялари ташкил этилиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит яратилди. Саралаш жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Маросимда чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, яратилган имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.

– Пайариқ иқтисодиёт ва сервис коллежини битирганман, – дейди Меҳриддин Тошпўлатов. – Келгусида ҳарбий бўлиш ниятим бор. Армияга хизматга олинганим бу орзуим ушалиши йўлидаги дадил қадам бўлди, деб ҳисоблайман. Бир йиллик хизмат давомида ота-онам, устозларим ишончини оқлаб, Ватанимизга астойдил хизмат қиламан.

Тадбирда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
10 066