Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 18:11 Чоп этиш версияси

Бахтли болалик китобдан бошланади

Бахтли болалик китобдан бошланади
Болаликнинг завқли, рангин ва сарҳад билмас хаёлот олами ривожида китобнинг ўрни беқиёс. Фарзандингизнинг китобга бўлган меҳрини қандай ошириш мумкин? Бунда мактаб, кутубхоналарнинг роли қандай? Республика болалар кутубхонасида бўлиб ўтган "ХХI асрда болалар китобхонлиги: муаммо ва вазифалар" мавзуидаги конференцияда шу масалалар атрофлича муҳокама этилди. 

Болалар китобхонлигини ривожлантиришга бағишланган мазкур анжуманга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги кутубхоналар, мактабдаги ахборот-ресурс марказларининг мутахассислари таклиф этилди.

Республика болалар кутубхонаси директори Д.Ўролов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлоднинг китобга бўлган меҳри ва қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини янада юксалтириш масаласига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда миллий қонунчиликнинг муттасил такомиллаштирилаётгани матбаа, ноширлик соҳасида янги истиқболларни очиш, болалар нашриётлари учун қулай имтиёз ва иқтисодий имкониятларни яратишда муҳим омил бўлмоқда. Ўғил-қизларнинг ўқишга бўлган иштиёқини тобора кучайтиришда юртимиз кутубхоналарида ташкил этилаётган китобхонлик кечалари, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, жонли мулоқотларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. 

– Ота-она фарзандига китоб ўқиб бермаса, боланинг китобга бўлган меҳрини уйғотиш қийин, – дейди Тошкент вилояти Оққўрғон тумани 8-умумтаълим мактаби қошидаги ахборот-ресурс маркази раҳбари Қумри Шарипова. – Шу сабабли китобхонлик тарғиботига бағишланган тадбирларни шунчаки номига эмас, самимий, таъсирчан, ота-оналарни ҳам жалб этган ҳолда ташкил этмоқдамиз. 

Конференцияда мутолаа маданияти, кутубхоналарга эътиборни янада кучайтириш, контрафакт-матбаа маҳсулотларининг болалар соғлиғига таъсири, бахтли болалик китобдан бошланади каби мавзуларда маърузалар атрофлича муҳокама этилди. Болалар китобхонлигини ривожлантиришда кутубхоналар ролини оширишнинг истиқболлари белгиланди. 

Н.Усмонова, ЎзА
5 118