Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Бахтиёр оилаларнинг муҳташам кошоналари

Бахтиёр оилаларнинг муҳташам кошоналари Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида янгиланган лойиҳалар асосида қурилган 600 дан зиёд уй фойдаланишга топширилди. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида яна кўплаб оилалар ана шундай уйларда ҳовли тўйларини нишонлайди.

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, улкан янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари устидан чиқасиз. Тўғрисиям шу-да, бундай оламшумул ўзгаришу янгиланишлар ҳафта ё кунора эмас, балки соат сайин юз бермоқда. Бир муддат ўзга юртда яшаган киши бугун ўз шаҳри, қишлоғи ё маҳалласини танимай қолиши аниқ. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан кўзланган асосий мақсад – одамларни бугунги ҳаётидан рози қилиш.

Айниқса, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши самарасида аҳоли турмуш фаровонлиги тобора юксалмоқда.

Фарғона вилоятида 2009-2016 йилларда 192 қишлоқ массивида 5 минг 916 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. 218 километр табиий газ, 247 километр ичимлик суви, 149 километр электр тармоғи тортилди, 182 километр ички йўллар асфальт қилинди. Барпо этилаётган замонавий таълим муассасалари, маиший хизмат ва савдо марказлари, маданият ва спорт масканлари юртимиз кўркига-кўрк қўшмоқда. Қишлоққа саноатни, хизмат ва сервис шохобчаларини олиб кириш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган қайта ишлаш корхоналари барпо этиш ва шу ҳисобдан қишлоқ аҳолиси, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар юксак самаралар бераётир.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги ва 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ ҳудудларида бутунлай янгича ёндашув асосида уй-жойлар бунёд этишга киришилди. Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қишлоқ аҳолисининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

– Жорий йилда вилоятдаги 30 массивда 1 минг 228 уй-жой янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилмоқда, – дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Фарғона вилояти филиали директори Авазжон Ғаниев. – Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастурига кўра уй қурувчининг дастлабки бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги дастурда ушбу бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйларни қурувчилар учун 15 фоиздан иборат. Энг муҳими, бундай уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материаллари асосида барпо этилмоқда. Ҳар бир массивнинг бош режасида хизмат кўрсатиш объектлари, спорт майдончалари ва муҳандислик тармоқлари, ҳовли қисмида болалар майдончаси, уй эгалари дам олиши учун шароит эътиборга олинган. Энергияни тежайдиган маҳаллий материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланиш янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайишига ҳамда аҳолининг барча қатлами учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда.

Қишлоқ жойларда замонавий уй-жой қурилиши, йўллар ҳолатини яхшилаш, транспорт ва коммуникация хизматларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад қишлоқларимизда ҳаёт сифати ва яшаш маданиятини янги, янада юқори поғонага кўтаришдир. Бу бизнинг қишлоқ ҳақидаги тасаввуримиз, қишлоқ ва қишлоқ аҳлига бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирмоқда. Бугун Фарғонанинг энг чекка ҳудудларида бунёд этилган турар жойларда Фаровон турмуш, Мустақиллик шукронаси, Истиқлол каби янги кўчалар пайдо бўлди. Бу кўчалардан юрар экансиз, ободлигу орасталикдан қалбингиз фахрга тўлади.

Ёши улуғ инсонлар яхши эслайди. Бир пайтлар пишиқ ғиштдан уй қуриш, айниқса, қишлоқ одамлари учун шунчаки орзу эди, эртакдек туюларди. Тор кўчалар, гуваладан кўтарилган пана-пастқам уйлар – қишлоқ манзараси шу эди. Бугун эса барчаси ўзгарди. Мустақиллик қишлоққа тараққиёт олиб келди.

Эзгу ният билан ўзи ва фарзандлари учун уй қуриш халқимизга хос азалий одат. Аммо уй қуришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун катта маблағ, куч керак. Халқимизнинг “Уй қуришга ё ўғлинг, ё пулинг кўп бўлсин”, деган мақоли бежиз айтилмаган. Шу боис, илгари уй орзу-ҳавас билан эмас, асосан бошпанага эҳтиёжмандлик туфайлигина қурилгани барчамизга маълум.

Мустақиллик туфайли одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалиб, талаб-эҳтиёжлари, диди ўсиб бораётир. Бунинг устига намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларнинг замонавийлиги, ипотека кредитининг фоизи паст ва узоқ муддатга берилиши, айниқса, фарзандини алоҳида чиқармоқчи бўлган оилаларга маъқул келмоқда.

Тошлоқ туманида ўтган йиллар давомида 200 дан ортиқ оила ана шундай уйлар эгасига айланди. Жорий йилда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 30 арзон уй-жой қад ростламоқда. Илгари дашт ва тошлоқдан иборат бўлган Бешқўрғон массивида бугун янги турар жойлар бунёд этилиши ҳудуд қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Бугун бу ердаги уйларда яшашни кўпчилик ҳавас қилади. 2 сотихли 10 уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уйлар қурилишида “Фаровон уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорларининг хизмати катта бўлди.

– Уйда бир оила учун барча шароит бор, – дейди янги уй соҳибаларидан бири Феруза Алиева. – Анчадан буён янги уй қуришга эҳтиёж сезардик. Уч фарзандимиз бор. Битта уй қуриш қанчалар қийин эканини яхши биламиз. Мана шундай пишиқ ғиштдан қурилган, мўъжазгина томорқаси бўлган уйда яшашнинг гашти барибир бошқача экан.

Ҳа, бугун “Уйлар муборак!” деган гапни юртимизнинг барча ҳудудларида кўпчилик томонидан эшитамиз. Барчанинг нигоҳидан қувонч ва шукроналикни уқиб олиш қийин эмас. Янги уйларда фаровон яшаш учун барча қулайлик яратилган. Меҳмонхона, болалар хонаси, ётоқхона, ошхона ва ювиниш хоналари замонавий жиҳозланган. Хонадон ҳовлисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун мўлжалланган кичик ер, тандирхона ва омборхона жойлашган. Ҳар бир хонадонда кичик қозонхона орқали иситиш тизими ишламоқда. Ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган.

– Анчадан буён шундай уйлардан бирини фарзандларимга олиб беришни ният қилиб юрардим, – дейди “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳосилжон ота Йўлдошев. – Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда барча шароит муҳайё. Рости, фарзандларимга, невараларимга ҳавасим келаяпти. Мана шундай уйларда албатта яхши ниятлар, орзулар туғилади.

Қишлоқларда бунёд этилаётган янги уй-жой массивлари ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларнинг кўркам ва шинам уйларда, барча қулайликларга эга замонавий маҳаллада осойишта, фаровон турмуш кечириш борасидаги орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда. Массивларда кенг ва равон йўллар, ижтимоий инфратузилма объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминланаётгани, коммуникация тармоқлари барпо этилаётгани шаҳарникидан қолишмайдиган шароитга эга бундай уйларга одамларнинг интилишини кучайтирмоқда. Уларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон ва унинг шаънини улуғлаш, манфаатларини таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор самараси сифатида қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 849






Все о погоде - Pogoda.uz