Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 14:44 Чоп этиш версияси

Бахт ва баҳор куйчисига эҳтиром

Бахт ва баҳор куйчисига эҳтиром Ўзбекистон халқ шоири Зулфия бахт ва баҳор, осуда тонглар, покиза туйғулар куйчиси. Унинг тимсолида миллатимизнинг оқила, фозила онахонлари, жонкуяр устозларимиз, ҳассос шоира опа-сингиллар, ўз тақдирини Ватанимизнинг порлоқ истиқболи билан узвий боғлаган иқтидор соҳибалари гавдаланади. Баҳорнинг илк куни ҳам шоира таваллуд кунига тўғри келганида гўё ўзига хос рамзий маъно мужассамдек...

1 март – халқимизнинг ардоқли шоираси таваллуд куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги Зулфия ҳайкали пойида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Шаҳар ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, педагоглар, адабиёт мухлислари, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллари, талаба-ёшлар, ўқув масканларидаги "Ораста қизлар" тўгаракларининг аъзолари таклиф этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари О.Абдуллаева, Г.Авазова, Д.Норқулова, шоиранинг набираси, тарихчи ва таржимон Л.Муҳиддинова ва бошқалар ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан ишончли ҳимоялашда миллий адабиётимизнинг роли ва таъсири улкан эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан миллий адабиётимизни равнақ топтириш борасидаги эзгу ташаббусларнинг бардавомлиги таъминланмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сўз санъатининг етакчи намояндаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг хотирасини азиз билиш, миллий адабиётимизни юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ибратли ташаббуслар кенг жамоатчилик, адабиёт мухлислари, халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

6 (7).JPG

Миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси Зулфия оддий ўзбек аёллари, мунис опа-сингилларимизнинг орзу-истаклари, кундалик ташвиш ва ўй-хаёлларини теран ҳис этган, нозик англаган ҳассос шоира, моҳир журналист ва таржимон, меҳрибон устоз эди. Унинг шеър ва достонларида, публицистик мақолаларида оналаримиз, мунис опа-сингилларимизнинг қалб қўрида ардоқланган орзу ва тушунчалар –тинчлик ва осойишталик, фарзандлар бахти ва камоли, шукроналик, меҳр, сабр ва садоқат, фидойиликни кўрамиз.

Жаҳон халқлари, шеърият мухлислари, дунё адабий жамоатчилиги Зулфия сиймосида теран тафаккурли, юксак маънавиятли, маърифатпарвар ўзбек онаси, Ўзбекистон шоирасини таниди. Юртимизда устознинг шеърий тўпламлари, китобларини ўқимаган, тонг, баҳор, табиат, меҳр ва садоқат куйчисининг нафис ва дилбар, самимиятга тўла шеърларидан завқланмаган китобхонни топиш мушкул. Зулфия шеърлари ватанпарварлик, фидойилик, халқпарварлик, ҳаётни севиш, саодатли ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш, бир-биримизни авайлашдан сабоқ беради.

Истиқлол йилларида шоиранинг ижодий меросини пухта ўрганиш, ундан ёшларнинг Ватанга бўлган муҳаббатини янада кучайтириш, оила, жамият, юрт олдидаги масъулиятни теран англаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда фойдаланиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Шоира ижодидан намуналар тўплам ҳолида нашр этилмоқда. Ўзбекистон Ёзувчлар уюшмаси, Хотин-қизлар қўмитаси, олий таълим масканларида Зулфия шеъриятига бағишланган адабий тўгараклар фаолият кўрсатяпти. Шоира номи билан таъсис этилган Давлат мукофоти бугунги кунда адабиёт, таълим, санъат, спорт соҳаларида изланаётган қизларга қанот бўлмоқда.

– Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб бўлиш юртимиздаги барча қизларнинг орзуси, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Фарида Тошпўлатова. – Халқимизга, Ватанимизга, юртимизнинг ардоқли шоираси номига муносиб бўлиш бизнинг бурчимиз.

Тадбирда устознинг Ватан, баҳор, опа-сингилларимизни, беғубор инсоний туйғуларни тараннум этувчи шеърларидан намуналар янгради. Шоира сўзи билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди. Ижодкор ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 836






Все о погоде - Pogoda.uz