ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Бағрикенглик ҳафталиги

Бағрикенглик ҳафталиги

Ўзбекистон – умумий уйимиз 

Ўзгаларга ёрдам қўлини узатишга ҳамиша шайлик, бошқаларнинг кундалик орзу-хаёллари, ташвишларию эзгу интилишларига хайрихоҳлик, одамийлик, самимият, бағрикенглик миллий фазилатларимизнинг таркибий қисмини ташкил этади. Айни жиҳатлар азал-азалдан табаррук диёримизда кўплаб миллат ва диний конфессия вакилларининг ҳамжиҳатликда яшаб келаётганида устувор аҳамият касб этмоқда.

Конституциямизда фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қонун олдида тенглик тамойиллари ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш мустаҳкамланган.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек яшаб, шу табаррук диёр равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Мактабларимизда умумий ўрта таълимнинг етти тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилларида олиб борилаётгани, оммавий ахборот воситалари бир неча тилларда нашр этилиб, турли тилларда кўрсатув ва эшиттиришлар, медиа маҳсулотлар тақдим этилаётгани, олий таълим масканларида бир неча қардош ва хорижий тилларда таҳсил олиш имконияти яратилгани, бир неча диний конфессия вакилларининг ҳамжиҳатликда истиқомат этиб келаётгани халқимиз бағрикенглигининг амалдаги ёрқин намунасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 май куни қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони мамлакатимизда фаол халқ дипломатияси асосида чет элдаги ватандошларимиз билан дўстона муносабатларни йўлга қўйишга оид ишларни замон руҳи асосида ташкил этишда янгидан-янги имкониятлар очмоқда.

Ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилиб, бугунги кунда мазкур қўмита юртимиздаги барча миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштиришда, жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга оширишда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, хорижда давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасидаги эзгу ислоҳотларни кенг тарғиб қилишда мазкур тузилманинг ҳиссаси ўзига хос бўлмоқда.

Ҳозирги ўзига хос турли геосиёсий ва мафкуравий жараёнлар авж олган даврда терроризм, экстремизм, фундаментализм, айирмачилик, одам савдоси, “оммавий маданият“ сингари таҳдидлар инсоният, айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис жонажон Ўзбекистонимизнинг умуммиллий яхлитлигини сақлаш, жамиятни маънавий-ахлоқий соғломлаштириш, улғайиб келаётган авлодда миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўзаро ҳурмат, раҳм-шафқатли бўлиш каби фазилатларни мустаҳкам қарор топтириш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни доирасида Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилган. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳафталик доирасида ранг-баранг тадбирлар, маданий-маърифий, илмий-амалий анжуманлар ўтказиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳафталик аҳоли, айниқса, ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллатларнинг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини асрашга ундаши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, ҳафталик ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини тобора кучайтиришдек мақсадларни кўзлайди.

Мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари вакиллари, хорижий мамлакатлардаги мазкур қўмитанинг турдош ва ҳамкор ташкилотлари раҳбарлари, сиёсатчилар, экспертлар, олимлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Ҳафталик давомида “Ўзбекистон – умумий уйимиз“ мавзусидаги фестивалнинг якуний қисми ва рассомлар асарлари кўргазмаси, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фуқаролик форуми, санъат усталари ва миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоаларнинг катта концерти, “Марказий Осиё – умумий уйимиз“ мавзусидаги халқаро конференция ҳамда республиканинг умумтаълим мактаблари ва академик лицейларида Бағрикенглик фестивали ўтказилиши режалаштирилган.

Бу борадаги маданий-маърифий тадбирлар мамлакатимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр ва саховат, бағрикенглик муҳитини тобора мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

554
Назокат УСМОНОВА, ЎзА