ЎзА Ўзбек

05.03.2018 14:39 Чоп этиш версияси

Баҳор менинг қишлоғимдан бошланади!..

Баҳор менинг қишлоғимдан бошланади!.. Гулсанам баҳор ҳақида ёзган шеърининг бу сатрларини юрагидан жўшиб ўқиди. Барчани тўлқинлантирди. Чунки у ғурур билан айтди, баҳор соғинчини қўшиб, фахрланиб айтди. Унинг нигоҳларида кўкламга интиқликни, гўзалликка ошуфталикни сезиш мумкин эди ўшанда. Қалбидаги ўз гўшасига бўлган меҳрни, муҳаббатни қўшиб айтди шу бир оғиз сўзига.

Баҳорни ким ҳам соғинмайди дейсиз? У гўзаллик, орзу умидлар фасли. Атрофга бир боқинг. Ёмғир ёғмоқда. Заминимизга ризқ насиба ёғмоқда. Борлиқ уйғонади. Яшариш, янгиланиш фасли бошланади. Ҳадемай бўртиб қолган куртаклар кўз очади. Тилла тангалардек сочилган момақаймоқлар, ариқ лабида бўйга етган мастона ялпизлар ифори, шаддод шаббоданинг майин бармоқлари дилни энтиктиради. Баҳор биз интиқ ва интизор кутган, кўнгилларга шодумонлик, қалбларга сурур, юракларга ҳузур бағишловчи ардоқли байрамимиз Наврўздан илк мужда олиб келади. Чунки у байрамлари билан янада ардоқли.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 февралда қабул қилинган “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини барча катта мамнунлик билан кутиб олди. Бу йилги байрамни муносиб кутиб олишда “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларига муҳим эътибор қаратилади. Айни кунларда Фарғона вилоятида ҳам бу борадаги ишлар қизғин паллага кирган.

– Вилоятимиздаги барча маҳаллаларда кўклам юмушлари, баҳор байрамлари тадориги бошлаб юборилди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкатжон Эрматов. – Айни кунларда кўча четларига, ташкилот ва корхоналарга, ҳовлиларга гуллар, манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Тозалаш, ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Хотин-қизлар байрами ва Наврўз айёми олдидан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Қадрон қишлоқ кўчаларида ўтиб бораркансиз, кўклам ҳиди димоғингизга урилади. Ҳа, шундай кунларга етганимиз учун шукроналик ҳиссига тўлади кўнгилларимиз. Юртимиз тинч. Дастурхонимиз тўкин. Фарзандларимиз соғ-саломат. Орзулари мўл, тилаклари бисёр халқимиз – эртанги кун умиди билан, тўй-томошалар истаги билан яшаётган ватандошларимиз Наврўзга пешвоз чиқади.

– Наврўз нафақат эзгу тантаналар шодиёнаси, шу билан бирга, яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик айёми ҳамдир, – дейди Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев. – Маҳалламизда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар билан баҳамжиҳат ташкилий ишларни амалга оширишга киришдик. Айниқса, чегараларимиз очилгани халқимиз учун жуда катта имконият бўлди. Бугун ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик анъаналари янада мустҳамкланмоқда. Айниқса, Наврўз байрамимизда уларни ҳам таклиф қилиб, сайлда боқий қадриятларга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирдик.

Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил фарзанд туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Бу эзгу амал шарқона янги йилнинг бошланиши, яъни табиат уйғонаётган Наврўз байрами арафасида бажарилади. Сабаби бу пайтда ўтқазилган кўчат бехато тутиб кетади. Айни кунларда шаҳар ва туманларда мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазиш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Баҳорни барча жуда соғинган. Обод ва фаровон ҳаёт сари дадил интилаётган юртдошларимизнинг қалби оппоқ орзуларга тўла. Зеро, Баҳор ва Наврўз ҳаёт абадийлигининг тантанасидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
12 638