ЎзА Ўзбек

01.08.2018 16:33 Чоп этиш версияси

Бағдод тумани сектор раҳбарлари нега ўз вазифасидан озод қилинди?

Эртанги ҳосил салмоғи кўп жиҳатдан агротехник тадбирларни вақтида ва сифатли ўтказишга боғлиқ. Айни кунларда Фарғона вилоятида ҳам “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бу йил юртимизда об-ҳаво анча қуруқ келди. Сув таъминотида сезиларли тақчиллик кўзга ташланмоқда. Оқибатда асосий қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши мураккаб кечмоқда. Мисол учун, айрим жойларда ғўза ривожи 15-20 кунга кечикмоқда. Шунга қарамасдан, мўлжалдаги ҳосилни тўплаш учун имконият мавжуд. Барчаси бугун қилинадиган ҳаракатга боғлиқ. Бунда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилда Фарғона вилоятида 84 минг 680 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Айни кунларда майдонларга ишлов бериш, ғўзани озиқлантириш ва бегона ўтлардан тозалаш, чилпиш ишлари давом этмоқда. Барча ҳудудларда суғориш ва культивация тадбирларини юқори сифат ва уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларга 1 минг 900 дан ортиқ культиватор жалб этилган.

Вилоятда ғалладан бўшаган 100 минг гектар майдонга такрорий экин экиш ишлари якунланмоқда. Албатта, белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғўзани чанқатмай, қатор ораларига ишлов бериш, культиваторлардан самарали фойдаланишга ҳамма жойда ҳам бир хил эътибор берилаяпти, деб бўлмайди. Баъзи туманларда сектор раҳбарлари агротехник тадбирларга юзаки муносабатда бўлмоқда. Айрим ҳудудларда пахта майдонлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, сувдан самарасиз фойдаланилаётгани ҳосил тақдирини йўққа чиқармоқда.

Президентимиз раислигида 2018 йил 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар кескин танқид қилинди. Қишлоқ хўжалигидаги вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйгани учун Бағдод туманидаги тўртала сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берилгани фикримиз тасдиғидир.

Хўш, туманда нима учун бундай ҳолатга йўл қўйилди? Бағдод туманида жорий йилда 5 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Туманда пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган 281 фермер хўжалиги томонидан агротехник тадбирлар етарли даражада бажарилмади. Афсуски, туман ҳокими С.Зокиров ва бошқа сектор раҳбарлари ўз ҳудудларидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўймаган. Натижада аграр соҳада кечиктириб бўлмайдиган вазифа ва тадбирлар номигагина амалга оширилган. Шунинг учун ғўза ривожи орқада қолмоқда, туманда ташкил этилган 10 та “Механизаторлар уйи”да етарли шароит яратилмаган.

Туманда ғўзанинг қарийб 3 минг гектар майдони Марказий Фарғона ҳудудида жойлашгани агротехник тадбирларни янада кучайтиришни талаб этади. Афсуски, сектор раҳбарлари бунга бепарво қараган, пахта ривожини ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар натижаси ана шундай нохуш ҳолатлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Сувдан самарали фойдаланилмаяпти, баъзи майдонларда ғўза чанқаб ётибди, бу эса ҳосил йўқотилишига олиб келмоқда. Ҳосил кушандаси бўлган зараркунандаларга қарши курашишга ҳам эътиборсизлик қилинган. Вегетация даври қизғин паллага кирганда ҳосилни асраб қолиш, меҳнат, билим ҳамда изланиш билан унинг миқдорини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади. Туманда эса бу ишларга бепарволик билан муносабатда бўлинган.

Тумандаги сектор раҳбарлари ана шу каби камчиликларга йўл қўйгани учун ўз вазифасидан озод қилинди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
9 162