Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.05.2018 07:10 Чоп этиш версияси

Бўстонлиқда 22 нафар ҳарбий хотирасига бағишланган ёдгорлик монументи очилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида юртимиз сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган 22 нафар ҳарбийлар хотирасига бағишланган ёдгорлик монументи очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам сўзга чиқиб, бундай эзгу ишлар учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.

– Давлатимиз томонидан турмуш ўртоғим Паҳлавон Абдуллаев каби ҳарбийлар номини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини қадрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўнглимга таскин беради, – дейди П.Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи, Чирчиқ гарнизони ҳарбий поликлиникаси ҳамшираси Урбугул Абдуллаева. – Турмуш ўртоғим билан 9 йил бахтли ҳаёт кечирдик. У оиласи, фарзандлари, дўстлари ва ҳамкасбларига меҳрибон эди. Унинг Ватан олдидаги хизмати бесамар кетмади. Ортида қолган уч фарзанди отасига, юртига муносиб инсонлар бўлиб камолга етмоқда. Бугун очилган ушбу ёдгорликда бир қатор сафдошлари сингари унинг ҳам номи борлигини кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Тадбирда ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар томонидан ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 116