Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:40 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида бўлажак Ватан ҳимоячилари ҳарбий хизматга кузатилди

Тошкент вилоятида бўлажак Ватан ҳимоячилари ҳарбий хизматга кузатилди Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган маросимда мамлакатимизда осмонимиз мусаффолиги, халқимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилгани, ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Фарзандининг алпкелбат бўлиб улғайишини, Ватан ҳимоячиси бўлишини дилига тугмаган ота-она бўлмаса керак, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган чинозлик Элдор Абдуллахоновнинг онаси Лола опа. – Бугун қалбидаги энг эзгу тилакларидан бири ушалаётган оналар қаторида эканимдан бир бахтиёр бўлсам, ўғлимнинг юз-кўзидаги мамнунликни кўриб, янада хурсанд бўлдим. Унинг болалигидан оиласи, яқинлари, дўстларига меҳрибонлиги, мунтазам спорт билан шуғуллангани, коллежда барча фанлардан аъло баҳога ўқигани ҳарбийлик касбига томон ташланган дастлабки қадамлари, деб биламан. Илоҳим, бу қадамлар ҳамиша бардавом ва мардона бўлсин.

Бадиий жамоалар ва ёш хонандалар ижросидаги Ватан, истиқлол, тинчлик ва ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар кузатиш маросими иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
1 060