Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 10:31 Чоп этиш версияси

Бўлажак келин-куёв энди тўйхона қидириб юрмасин

№ 25 Мойариқ.jpg

Эрйигит БОЗОРБОЕВ,

“Мойариқ” МФЙ раиси:

– Авваллари тўйлар хонадонларда бўлиб ўтган. Ҳовлилар ўрнига кўп қаватли уйлар қурилгани боис турли маросимларни тўйхоналарда ўтказиш анъанага айланди. Бу жуда қулай эканини таъкидлаган ҳолда, ресторанларнинг нархига эътибор қаратадиган бўлсак, харажатлар миқдори анчага кўпаяди. Сўнгги вақтлардаги тўй тадбирларини ихчамлаштириш, шароитдан келиб чиқиб камхарж тўйлар ўтказиш борасидаги тарғиботлар ўз самарасини бермоқда. Ҳовлида яшайдиган юртдошларимиз “наҳорги ош”, “келин базми”, “бешик тўйи”, “қуда чақирди” тадбирларини уйда, қўни-қўшни ва яқин қариндошлар даврасида ўтказмоқда.

Ҳокимиятлар қошида Ўзбекистон ёшлар иттифоқидан бўлажак келин-куёвларнинг тўйини ташкил қилиш, тўйхоналардаги шарт-шароитларни тушунтириб берадиган мутахассис ажратилса яхши бўларди. Бу мутахассислар ФҲДЁга ариза топширган йигит-қиз, уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказиб, тўйни ихчамлаштириш юзасидан таклифларини берсин. Мақсадимиз, йигит ва қиз қайси тўйхона қандай эканини билиш учун сарсон бўлиб, бўш тўйхона қидириб юрмасин. Ёки турли миш-мишларга ишониб, ёлғонларга алданиб кўп харажат қилмасин. Маҳалламизда бу борада фаолларимиз билан ҳамжиҳатликда, маслаҳатлашиб иш қилинади. Сўнгги вақтларда айрим юртдошларимиз ўзига нима кераклигини англаяпти. Қандай йўл тутса камхарж тўй қилиши мумкинлигини биляпти. Шу боис, ҳар биримиз бу жараёнга масъулият билан ёндашишга мажбурмиз.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида “Бизни кемиргувчи иллатлар”, деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр...” дейилган эди.

Орадан шунча вақт ўтса ҳамки, халқимиз, жамиятимиз учун ҳали-ҳануз долзарб ва аҳамиятли бўлиб турган ушбу масала муҳим эканини англаймиз.

ЎзА
8 097