Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 21:28 Чоп этиш версияси

Бўлғуси ватан ҳимоячилари тайёрланмоқда

Тошкент ҳарбий округи полигонларидан бирида батальон командирлари ва уларнинг ўринбосарлари учун ташкил этилган кўргазмали тактик ўқув машқлари бўлиб ўтди. Унда пойтахтимиздаги лицейлар ва коллежлар ўқувчиларининг кузатувчи гуруҳи сифатида иштирок этгани ўқув машқларининг ўзига хослигини таъминлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бири баркамол авлод, хусусан, ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялашдир. Кўргазмали тактик ўқув машқларига ўқувчилар гуруҳининг таклиф этилиши бўлғуси чақирилувчилар дастлабки ҳарбий тайёргарлигининг замонавий шаклларидан бири саналади. Унда юксак даражадаги жанговар тайёргарлик, командирларнинг тезкор қарор қабул қилиш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан юксак маҳорат билан фойдаланиш каби кўникмалари намойиш этилди.

Ўсмирлар ҳарбий хизматчиларнинг бўлинмаларда жанговар тайёргарликка шайланиши ва тегишли ҳудудларда шахсий таркибнинг жойлашиш тартиби, махсус топшириқлар ижроси ҳамда қароргоҳ мудофаасини ташкил этиш каби ҳаракатларини катта қизиқиш билан кузатди.

Ўқув машқларининг якунловчи босқичида ҳарбий хизматчилар шартли душманнинг тирик кучлари ва техникасини англатувчи нишонга турли қуроллардан ўқ узди. Машқларда барча ҳаракатлар радиокарнай алоқаси орқали изоҳлаб борилди. Бунинг натижасида ёш кузатувчилар бўлинма командирлари томонидан қабул қилинган қарор ва ҳаракатларни нафақат ўз кўзи билан кўриш, балки уларнинг мазмунини чуқур англаб етиш имкониятига ҳам эга бўлди.

Ўқув машқлари якунларига кўра, гуруҳда маҳорати билан ажралиб турувчи ҳарбий хизматчилар ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан рағбатлантирилди. Миллий армиямиз билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячилари қаторида бўлишдек қатъий истак коллеж ва лицей ўқувчиларининг ютуғига айланди.

Аблай Камолов, ЎзА
1 534






Все о погоде - Pogoda.uz