Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 12:07 Чоп этиш версияси

Бўлғуси шифокорлар билан мулоқот

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Тошкент тиббиёт академияси ташаббуси билан юқори курс талабалари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги тузилмалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.

Тошкент тиббиёт академияси ректори Л.Тўйчиев ва бошқалар аҳолига замонавий тиббий ёрдамни ташкил этишда соғлиқни сақлаш тизими олдида турган устувор вазифалар, бу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишда малакали мутахассисларнинг ўрни хусусида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари бўлиб ўтган мажлисларда белгиланган вазифалар, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш ва соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тошкент тиббиёт академияси мамлакатимиздаги етакчи ва таянч олий ўқув юртидир. Бугунги кунда ушбу таълим муассасасида даволаш, тиббий педагогика, тиббий профилактика, тиббий биология, олий ҳамширалик иши йўналишларида уч минг икки юз нафар талаба бакалавр йўналишида таълим олмоқда. Тиббиётнинг қирқ тўрт йўналиши бўйича магистр мутахассислар тайёрланаётир.

Таълим-фан ва амалиёт ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш мақсадида ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий илмий муассасалар, санитария назорати ва эпидемиология марказлари, етакчи клиникалар, оилавий поликлиникалар ва Тошкент вилоятидаги ўттизга яқин қишлоқ врачлик пункти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Юқори курс талабаларининг дарс ва машғулотлари ушбу шифо муассасаларида ташкил этилаётгани бўлажак шифокорларнинг билим ва малакасини ошириш, тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар билан бевосита таништириш, ёшларнинг ўз соҳаси бўйича назарий ва амалий кўникмаларни чуқур эгаллашига хизмат қилмоқда.

Тошкент тиббиёт академиясини бу йил саккиз юз нафардан кўпроқ йигит-қиз битиради. Улардан 567 нафари умумий амалиёт шифокоридир. Ушбу мутахассисларни ишга жойлаштириш, уларнинг илмий-амалий салоҳиятидан тиббиёт ривожи йўлида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Уч томонлама шартнома имзоланиб, уни бажариш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Ёшлар бўлғуси меҳнат жамоасида ўз ўрнига эга бўлишига кўмаклашиш ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришини таъминлаш мақсадида «устоз-шогирд» анъаналари йўлга қўйилган.

– Бу йил даволаш иши йўналишини тугатиб, умумий амалиёт шифокори дипломига эга бўламан, – дейди Тошкент тиббиёт академияси битирувчиси Сардор Султонов. – Таълим муассасамизда етти йил мобайнида соҳамиз бўйича чуқур билим олдик, жаҳон тиббиётининг илғор услубларини ўргандик. Зангиота туманидаги «Иттифоқ» қишлоқ врачлик пунктида амалиёт ўтадим. Келгусида ушбу шифо масканида ишлашни режалаштирганман. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҚВПда лаборатория-таҳлил имкониятларини янада кенгайтириш орқали халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашга ҳисса қўшиш асосий мақсадимдир.

Тадбирда тиббий таълимни янада ривожлантириш, умумий амалиёт шифокорлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим, фан, амалиёт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, олис ҳудудларда яшовчи аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда ёш мутахассислар салоҳиятидан оқилона фойдаланиш борасида фикрлашилди. Иш берувчи ташкилотлар бўш иш жойлари тўғрисида битирувчиларга маълумот берди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
5 400






Все о погоде - Pogoda.uz