Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Ажримларнинг сабаби нима?

Пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан “Оилавий ажралишларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида амалий анжуман ўтказилди.

Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида “Биз оилавий ажралишларга қаршимиз” шиори остида ойлик эълон қилинди.

Мазкур анжуман ҳам ойлик доирасидаги йирик тадбирлардан биридир. Анжуманда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар, никоҳ, оила, фарзанд тарбиясига дахлдор муаммо ва масалаларнинг ҳал қилиниши юзасидан фикрлашилди. Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, оилавий ҳаёт хотиржамлигига рахна солувчи омиллар, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, оилавий зўравонлик, ажралишларнинг олдини олишда ҳамкорлик ишларидаги камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама этилди.

Ажралишлар хавотирли муаммолардан биридир. Жорий йилнинг олти ойи таҳлилига эътибор берилса, мамлакатимиздаги умумий кўрсаткич 16 минг 449 тани ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 871 тага ошганини кўрсатмоқда. Суд қарори орқали ажрашган оилалар сони 11 минг 925 та бўлиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга нисбатан 245 тага кўпайган.

Ушбу ҳолатлар таҳлил этилиб, маҳаллалар кенгаши томонидан жойлардаги вазиятни яхшилаш, оилавий муносабатларни барқарорлаштириш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Айни вақтгача кенгаш томонидан 2 миллион 660 минг 756 оила ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Шу жараёнда носоғлом муҳит, турли ёт ғоялар, бегона таъсирлар сабаб бузилаётган оила аъзоларига тушунтириш ишлари олиб борилди. Ижтимоий, маънавий муҳитни яхшилаш, келажак авлод вакилларини тўлақонли, ижобий муҳитда униб-ўсишини таъминлаш юзасидан чоралар кўрилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 11 минг 209 оиладаги низолар бартараф этилди. Тўрт ярим мингга яқин оила бузилишининг олди олинди.

Яраштирув комиссияси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа таклиф қилинмоқда. Унда фаолият икки босқичда амалга оширилади. Маҳаллада ҳал бўлмаган масалалар туман, шаҳар кенгашлари қошидаги яраштирув комиссияга юборилади. Бу лойиҳа оилалар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Анжуманда ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, носоғлом муҳитли ва нотинч оилалар билан ишлашда масъул ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, ажримларнинг олдини олиш юзасидан қилиниши лозим бўлган ишлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлиги асосида олиб бориладиган ишлар кўриб чиқилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 212