Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 16:36 Чоп этиш версияси

Аждодлар меросига эҳтиром

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан “Навоий даҳосига эҳтиром” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари, шоир ва ёзувчилар, навоийшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий маънавиятимизни юксалтириш, улуғ аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳиятини ёшларимиз онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Алишер Навоийнинг серқирра ижоди асрлар мобайнида инсониятни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, илм-маърифатга чорлаб, халқимиз учун чексиз фахр-ифтихор тимсоли бўлиб келмоқда.

Буюк аждодимиз асарларида тараннум этилган инсон руҳиятининг гўзал бадиий ифодаси, маънавий юксакликка интилиш, тинчлик ва фаровонлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, яратувчанлик, эл-юрт ободлиги каби эзгу ғоялар бугун мамлакатимизда барча соҳаларда эришилаётган ютуқларда ўз ифодасини топмоқда.

– Бугунги глобаллашув даврида Навоий меросига қайта-қайта мурожаат этиш, асарларида ўз ифодасини топган инсонни камолотга етакловчи эзгу ғояларни ёшлар онгига чуқур сингдириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Алишер Навоий ўз асарларида улуғлаган тинчлик ва осойишталик, ижтимоий адолат, бунёдкорлик каби эзгу ғоялар истиқлол туфайли мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида ўзининг кенг ифодасини топмоқда. Бу бебаҳо мерос халқимиз, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат, фидойилик, меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Тадбирда ёш ижодкорлар клуби аъзолари Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқиди, ёш санъаткорлар томонидан Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар янгради. Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари томонидан “Алишер Навоий” спектаклидан лавҳа намойиш этилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
952






Все о погоде - Pogoda.uz