Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 12:05 Чоп этиш версияси

Азалий қадриятлар маскани

Тадбиркор Бахтиёр Эргашевни бешқўрғонликлар “Бахтиёр мебелсоз” дейди. У ўз хонадонида устахона очиб, шогирдлари билан бир-биридан бежирим, замонавий шкаф, кровать, китоб жавонлари каби 10 га яқин турдаги уй-офис жиҳозлари тайёрламоқда. Ҳовлисидаги махсус хонада мебеллар кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Бу кўргазма зали ҳар доим харидорлар билан гавжум.

– Ўн йилдан буён мебель ишлаб чиқарамиз, – дейди тадбиркор. – Маҳалладошлардан олти нафарини иш билан таъминлаганмиз. Шу ишимиз ортидан ризқимиз бут, дастурхонимиз тўкин.

Мебелсоз Бешқўрғон маҳалласи учун ҳам қўлидан келган ёрдамини аямайди. Ўтказиладиган турли тадбирлар, байрамларда хизматга шай, эҳтиёжманд оилаларга қўлидан келганча кўмак беради. Мебелсозликни ўрганаман, деб келган ёшларга эшиги ҳамиша очиқ. Унинг бу каби хайрли ишларидан маҳалла аҳли мамнун.

Бахтиёр Эргашев сингари эл корига яраётган хусусий тадбиркорлар маҳаллада кўпчиликни ташкил қилади. "Бешқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоакмал Шопўлатовнинг айтишича, ҳудуддаги 963 хонадонда 7 мингдан зиёд аҳоли иноқ ва тотув яшамоқда. Олтмишдан ортиқ фуқаро кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан банд. Тикувчилик, бисер тўқиш, қандолат маҳсулотлари тайёрлашда маҳалла ёшларига тенг келадигани топилмайди.

Йиғинда ҳам ишлар талайгина. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида жамоа ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатмоқда.

Эътиборли жиҳати, бу каби ишлар Чилонзор туманининг "1-Чарх Камолон”, “2-Чарх Камолон”, “3-Чарх Камолон”, “Новза”, “1-Қатортол” “Катта Чилонзор-3”, “Меҳржон”, “Бўрижар”, “Мевазор”, “Катта Қозиробод”, “Катта Дўмбираобод”, “Яккатут”, “Ал Хоразмий”, “Шараф” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам яхши йўлган қўйилган.

– Кейинги икки йилда маҳалламизда иккита мини-стадион ва учта болалар майдончаси бунёд этилди, – дейди “Новза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансур Сиддиқов. – Шу билан бирга, 18 кўп қаватли уйнинг том қисмидан тортиб, кўча қисмигача бўлган жойларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Иситиш тизими яхшиланди, йўлакларга бетон ётқизилиб, уйлар ҳовлиси кўкаламзорлаштирилди. Жорий йил яна 22 кўп қаватли уйда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилади. Маҳалла гузарини барпо этиш тараддудидамиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда янги босқични бошлаб берди.

– Маҳалла азалдан миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзини асраб-авайлашда муҳим тарбия масканидир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Чилонзор тумани бўлинмаси раиси Н.Шамшиев. – Шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда яшовчилар, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилиб, уларга амалий ёрдам берилаётир. Бу жараёнда маҳаллалар фаоллари ҳар бир хонадонга кириб бориш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътиборни кучайтирган. Депутатлар, банклар билан ҳамкорлигимиз янги тадбиркорлик субъектлари очиш, вақтинча ишсиз аҳолини, ёшларни иш билан таъминлашга қулай замин яратмоқда. Ана шундай мақсадларда 2015 йилда 166,7 миллион сўмлик, 2016 йилда 172,3 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди.

Маҳаллаларда “оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги намунали ташкил этилган. Ўтган йили касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида 2 минг 321 битирувчининг қарийб 2 минги иш билан таъминланди. Туман бўйича фаолият кўрсатаётган 300 га яқин фан, спорт ва ҳунармандликка ихтисослашган тўгаракда 2 минг 500 ўғил-қиз бўш вақтидан унумли фойдаланиб, билимини бойитиш, ҳунар ўрганиш ва жисмонан чиниқиш билан машғул бўлмоқда.

Ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм ва ақидапарастлик, “оммавий маданият”нинг оқибатлари ва бошқа долзарб мавзуларга бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларда ёшлар фаол иштирок этмоқда. “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, “Мустақиллик – энг олий бахт”, “Конституция – фахримиз” мавзуларида тарғибот тадбирлари, “Энг намунали фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи”, “Маҳалла – менинг тақдиримда” танловлари, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз”, “Отам, онам ва мен – спортчи оила” мусобақаларининг ўтказилиши ҳам аҳолини, айниқса, ёшларни маънавий етукликка, аҳил ва иноқликда яшашга, энг муҳими, уларнинг жисмонан бақувват, чиниққан ва соғлом бўлишига замин яратмоқда.

Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар тузилиб, уларга 257 ташаббускор аёл жалб этилган. Улар билан хамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш, қизларни эрта турмушга бериш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу йўналишда давра суҳбати, семинар ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни юксалтиришга эришилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 653






Все о погоде - Pogoda.uz