ЎзА Ўзбек

08.08.2018 21:06 Чоп этиш версияси

Қайта тикланувчи энергия манбалари

Қайта тикланувчи энергия манбалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамкорлигида «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад мамлакатнинг иқтисодий, энергетика ва экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида энергия ишлаб чиқиш жараёнларида углеводород ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборатдир.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ва соҳани ривожлантиришнинг устуворлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий нормаларини белгилаш билан бир қаторда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида имтиёз ва преференциялар бериш тартиби белгиланган.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Солиқ ҳамда Божхона қўмиталари, Савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан қонун лойиҳасини соҳада бозор муносабатларини “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида юритишни белгиловчи ҳуқуқий нормалар билан тўлдириш, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари томонидан эса соҳадаги илмий салоҳият, таълим, “ноу-хау” тизимидаги тренинглар ва малака ошириш масалаларини ҳам қамраб олиш таклифлари билдирилди. Ушбу йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари сўзга чиқиб, қонун лойиҳаси нормаларида тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференцияларнинг берилиши ўта долзарб эканлигини эътироф этди, таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда сиёсий партиялар фракциялари вакилларининг ҳам мазкур қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритиш учун тақдим этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Даврон Суннатов, ЎзА
14 236