Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 18:37 Чоп этиш версияси

Ҳаётий сабоқлар ҳушёрликка чорлайди

Фарзандининг жиноят йўлига кирганини она жуда кеч билди. Чунки уйдан узоқда ишлаётган ўғлининг юриш-туришидан хабардор бўлолмас, унинг айтганларига ишонишдан ўзга чораси йўқ эди. Ёмон йўлга кирган, гиёҳвандликни касб қилган ўғил ўз кирдикорини фош этармиди? Лекин кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, у барибир жиноят устида қўлга тушди...

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ўғлини қамоқдан чиқариш учун онаизор ким нима деса шунга кўнишга тайёр эди. Ахир чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади-да. Вазиятдан хабар топган Мираббос исмли фуқаро аёлнинг ҳузурига келиб "20 минг доллар берсангиз, ўғлингизни тезда чиқариб бераман", деди. Аёл бор будини сотиб, айтилган пулни унга қўшқўллаб топширди. Бироқ орадан кунлар, ойлар ўтса ҳамки, ўғли панжара ортидан қайтмади. Шундагина аёл алданганини тушуниб етди ва ички ишлар органига бу ҳақда мурожаат қилди. Фирибгар қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бу каби ҳолатлар ҳаётда учраб туради. Буни эшитган ўзига сабоқ олиб, ҳушёр тортса, эшитмай қолган яна кимдир шу хатони такрорлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган профилактика кунида юқоридаги каби жиноятлар, уларни келтириб чиқараётган сабаблар ва оқибатлари аҳоли ўртасида тушунтирилиб, муҳокама этилаётгани юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳушёрлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Навбатдаги профилактика кунида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Навбаҳор, Қатортол маҳаллаларида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар муҳокама этилди. Жаҳл устида дўстига тан жароҳати етказган, қўшнисини ҳақорат қилган, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган фуқаролар маҳалла аҳли ўртасида муҳокама этилди. Бир қарашда арзимагандек туюлган ишларнинг оқибати бундай тус олишини кутмаган ҳуқуқбузарларнинг маҳалладошлар кўзига қарай олмай боши хам бўлди. Нуроний отахон ва онахонларнинг куч топиб, вақт топиб бу ерга келгани, берган танбеҳлари ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Кўпни кўрган пиру бадавлатларимизнинг мана шундай тадбирларга таклиф этилаётгани аҳоли, айниқса, ёшларнинг тўғри йўлдан чалғимаслигида муҳим аҳамият касб этаётир.

– Президентимизнинг профилактик чора-тадбирларни кучайтириш бўйича қўяётган талаблари изчил бажарилаётгани натижасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кескин камаймоқда, – дейди Чилонзор тумани ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Фурқат Суяров. – Маҳаллаларда фаолият юритаётган профилактика инспекторларига зарур шарт-шароит яратиб берилаётгани уларнинг самарадор ишлашига кенг йўл очмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, профилактика инспектори ўзи ишлайдиган маҳалла ҳудудида яшаши лозим. Бу профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олишида муҳим аҳамиятга эга.

Тумандаги 178-умумий таълим мактабида сурункали равишда дарсга келмаётган ўқувчининг отаси, бувиси иштирокида муҳокама ташкил этилди. Онаси оламдан ўтгач, бу боланинг кўнгли қаттиқ ўксиган. У нафақат дарсдан, ҳатто уйдан ҳам қочиб кетишни одат қилган. Унинг руҳиятида пайдо бўлган кемтикни тўлдириш, далда бўлиш ҳақида, афсуски, ҳеч ким ўйлаб кўрмаган. Муҳокама асносида буларнинг бари чуқур таҳлил этилди. Психологлар ёрдамида бола билан суҳбат олиб борилди. Унинг яқинларига бу борада тавсиялар берилди. Атрофида пайдо бўлган меҳр-оқибат муҳити, эътибор ўқувчининг кўнглини кўтариб, келажакка умид пайдо қилди, десак хато бўлмайди. Чунки бу унинг мурғак кўзларида пайдо бўлган шуълада, ишончда намоён эди.

Профилактика кунида тўртта мактаб ва лицейда давомат тадбири ўтказилди. Мактабларда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи ошган бўлса-да, ҳали юз фоизга етгани йўқ. Фарзандининг дарсга боришини назорат қилмаётган ота-оналарга огоҳлантиришлар берилганига қарамай, ҳамон шундай ҳолга йўл қўйилмоқда. Демак, бу борадаги чораларни кучайтиришга зарурат туғилмоқда. Зотан, ҳар бир боланинг илму ҳунар эгаллаши, комил инсон бўлиб вояга етиши учун улар ҳар куни таълим муассасасида бўлиши шарт.

Туманнинг Яккатут маҳалласи улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Бу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Чилонзор туманига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида амалга оширилмоқда.

– Давлатимиз раҳбари маҳалламизга келганида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатлар фаолиятини ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди, – дейди "Яккатут" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодирбек Рўзметов. – Мутасаддилар иштирокида бу масала муҳокама этилди. Қисқа фурсатда "Боқий коммуналчи" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига 164 миллион сўм кредит ажратилди. Ҳозир тўрт қаватли уйнинг йўлаклари, фасад қисмида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Маҳалла аҳли бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга, ён-атрофни ободонлаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу каби хайрли ишлар маҳалланинг нафақат ободлигига, балки муҳити соғломлашишига хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 614






Все о погоде - Pogoda.uz