Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:05 Чоп этиш версияси

Ҳаётидан рози халқ буюк ишларга қодир

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деб таъкидлади.

Президентимизнинг мазкур қарори ушбу сўзларнинг амалий тасдиғи сифатида, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш, халқимизни рози қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.

Қарорда пенсионерлар, талабалар ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилиш, аҳолига товар ва хизматлар учун тўловларни тўсиқларсиз амалга ошириши учун қулай шароитлар яратишга доир қатъий чоралар белгиланган.

Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларидаги савдо шохобчаларида пластик карточкалар ёрдамида ягона тартибда банк операцияларини ўтказиш имконини берувчи замонавий банк технологиялари ўрнатилган. Пластик карточкалар, тўлов терминаллари ва бошқа жиҳозларни юқори даражада ҳимоялаш бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назорат ўрнатилган.

Аммо молиявий муносабатларнинг эркинлашаётгани, савдо ва хизмат кўрсатиш тизими тобора такомиллашаётгани иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни асоссиз равишда пластик карточкаларга ўтказавериш керак дегани эмас. Юртимизнинг баъзи тоғли ва олис ҳудудларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари тўлиқ тўлов терминаллари, банкомат ва инфокиосклар билан таъминланмаган. Терминаллар ўрнатилган баъзи шохобчаларда эса товар ва хизматларнинг нархини асоссиз равишда ошириш ҳоллари учрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ишга тушганидан буён унга иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, тўловларни пластик карточкаларга асоссиз равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайгани, тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмагани бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Президентимиз қарорида 2017 йил февраль ойидан бошлаб, фуқароларга барча турдаги пенсиялар, 58 тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши белгиланди.

– Тоғли ҳудудда яшаганимиз боис ҳадеганда шаҳарга тушаверишга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам бўлавермайди, – дейди бахмаллик Шерали Халилов. – Аммо деярли ҳар куни рўзғорга ул-бул нарса зарур бўлиб туради. Қишлоғимизда кичик дўконлар, хўжалик маҳсулотларини ўзидан орттириб бозорга олиб чиқадиган деҳқонлар кўп. Зарурат туғилганда улар мушкулимизни осон қилади. Мева-чева, полиз маҳсулотлари, кундалик турмуш учун керак бўлган нарса-буюмларни улардан сотиб оламиз. Бироқ, масала шундаки, уларда тўлов терминаллари йўқ. Устига-устак, тоғли ҳудуд бўлгани сабаб, гоҳ шамолдан, гоҳ бўрондан симлар узилиб, терминаллар ишламай, нақд пулда савдо қилишимизга тўғри келади. Президентимизнинг қарорига мувофиқ, энди иш ҳақимизни тўлиқ нақд пулда оладиган бўлдик. Бу ҳаётимизнинг янада фаровонлашишига хизмат қилади.

Халқимиз ёши улуғ инсонларни юксак қадрлайди. Кўча-кўйда кўрса, қўлини кўксига қўйиб, салом беради, давраларда тўрга ўтқазади. Президентимизнинг янги қарори халқимизга хос ана шундай эзгу фазилатларнинг, кекса авлод вакилларига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

– Давлатимиз раҳбарининг қарорини ўқиб, жуда хурсанд бўлдим, – дейди пойтахтлик Шофайз ота Турсунов. – Негаки, биз, кексалар ўз пенсиямизни нақд шаклда олсак, оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлади. Ўзим ўқитувчиликдан пенсияга чиққанман. Кийим-кечак дейсизми, озиқ-овқат, мева-чева дейсизми, барча рўзғор харидларини бозордан олишга одатланганмиз. Бозорда деҳқоннинг ҳар бири терминал қўлтиқлаб юрмаслиги ўзингизга маълум. Невараларим баъзан пул сўраб чопиб келишганда ҳам ўйланиб қолардим. Ёш болага пластик карточкани ишониб бўлмаса! Эндиликда бу каби муаммолар туғилмайди. Бу ҳам нуронийларимизнинг ҳаётдан рози ва хурсанд бўлиб яшашига хизмат қилади.

Президентимиз қарори тараққиётимиз таянчи, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу муҳим ҳужжатда олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда нақд шаклда тўланиши белгиланган.

– Стипендиямизнинг ярми нақд шаклда берилиши тўғрисидаги Президентимиз қарорини ўқиб, биз, талабалар жуда қувондик, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Диёр Мавлонов. – Энди қалам, ручка, дафтар ва бошқа ўқув қуроллари сотиб олиш учун катта-катта дўконлар, супермаркетларни айланиб, вақтимизни кетказиб юрмаймиз. Университетимиз ҳудудида жойлашган кичик савдо шохобчаларидан нақд пулга харид қилаверамиз. Бизни тушунган, билим олишимиз учун кенг шароитлар яратган Президентимиздан миннатдормиз.

Қарорда юқорида қайд этилган масалалардан ташқари, ҳудудларда шаклланган иш ҳақини нақд шаклда ҳамда пластик карталарга ўтказиш йўли билан тўлашдаги нисбатлар танқидий қайта кўриб чиқиш белгиланган. Бу жараёнда одамлар ўз иш ҳақидан фойдаланишда муаммоларга дуч келмаслиги ва ўзларига керакли товар ва хизматларни эркин харид қилишлари учун мавжуд тўлов терминаллари инфратузилмаси ҳисобга олинади.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши Бош прокуратура томонидан қатъий назоратга олинади.

Ҳа, одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини янада мустаҳкамлайди. Уларни Ватанимиз равнақи, ҳаётимиз фаровонлиги йўлида бор куч ва салоҳиятидан фойдаланиб яшашга, ишлашга ундайди.

Дилшод Каримов, ЎзА
3 740






Все о погоде - Pogoda.uz