Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 16:41 Чоп этиш версияси

Ҳаёт манбаи ардоғи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқидан кейинги ўйлар

Яқин ўтмишимизда "Сув – ҳаёт манбаи" деган шиор дуч келган девору кўприклар, каналлару дарё соҳилларига ёзиб қўйилар эди. Даҳолари "Шарқни сув орқалигина бошқариш мумкин", деб таълим олганлар ушбу шиорни айниқса, хуш кўрарди. Сув ҳаёт манбаи экан, демак, сенинг ҳаётинг менинг қўлимда, хоҳласам яшайсан, хоҳламасанг... ўзинг биласан. Марказлашган бу сиёсат қарийб бир аср давом этди. Марказий Осиё халқлари мустақил давлатчиликка эга бўлди, лекин сув сиёсати ўзгармади. Унинг оқибатини Президентимиз баланд минбардан батафсил гапириб ўтирмади, Орол денгизининг ҳозирги аҳволи тасвирлаган харитани кўрсатиб қўя қолди...

Умр бўйи телевизорда "Ахборот" кўриб, биринчи бор кўзимиз ёшланди. Орол бизнинг кўз ўнгимизда қуриди ва шунинг учун ушбу муаммонинг вужудга келишига айбдор авлод вакиллари сифатида "нима қилиб қўйдик, энди нима қилишимиз керак", деган савол бизга абадий ечими йўқ жумбоқ бўлиб қолган эди.

Бу жумбоқнинг ечимини Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига келганида топиб, Оролга ташхис қўйди: пахта монополиясидан воз кечиш, трансчегаравий сув захираларидан оқилона фойдаланиш. Мана натижаси, бу йил баҳору ёз Амударёмиз ўзига сиғмай оқиб, Орол ҳавзасидаги кўллар тўлди, денгизи билан видолашган чағалайлар кўлларга қайтди, жуфтига содиқ оққушлар кўпайди, Устюрт этагидаги Сувенли кўлида қўтонлар сакраб ўйинга туша бошлади.

Қорақалпоғистон Республикасининг беш туманида пахта майдонларига бошқа экин турлари экилди. "Жўжани кузда санайди", дейдилар, мана куз ҳам кириб қолди, санаб кўрамиз энди.

Президентимиз юксак минбардан туриб қилган маърузаларида таъкидлаган ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтказилиши мўлжалланаётган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" номли юқори даражадаги халқаро анжуман мавзусига эътибор беринг. Орол муаммосининг энг муҳим ечими ушбу мавзуда, деб ўйлаймиз.

Тарих яхши нарса, лекин унинг тагида "менинг бобом сенинг бобонгни Қоратовда бир йиқитди" қабилида маъно ётса, бу минтақада Оролдан бошқа нарсалар ҳам қуриб кетиши ҳеч гап эмас.

Шоир таъбири билан айтганда:

Оталар бефаҳмлиги, хатоси боис,

Бешикда ётибоқ бойимоқдамиз...

Тўмарис, Кир, Искандар Зулқарнайн, Чингизхон, Амир Темур, Шайбоний, Едиге ботир замонларида ҳам азми Турон билан Орол бор эди. ...Кир подшо Амударёнинг ўнг соҳилига жангариларини кема ва солларда ўтказиб, сўнг ўша матоҳларини ёқиб юборганини биламиз. Сабаби, у Тўмарис юртини ишғол қилишига ишонган эди...

...Искандар Зулқарнайн Ўратепада яраланиб, шимол қўшинлари Нуротага етганида "энди бу қумларнинг нарёғида сайғоқлар яшаркан" деб ўйлаган пешқадам қўшин қўмондони, Хоразмшоҳ Фарасман II нинг "Тегмасанг тегмайман, тегсанг ўнгдирмайман" деб ёзилган хатини олиб, от бошини орқага бургани маълум...

...ХVI асрда Бухоро ҳокими амир Шоҳмурод Мурғаб дарёсига қурилган тўғон учун қўшин жўнатиб, уни буздирганига нима дейсиз?..

Хуллас, биз ўтмишни ўз жойига қўйиб, тарихимиз, динимиз бирлигидан мақсадимизнинг бирлиги келиб чиқадиган ғоялар асосида бугунги авлодимизга ҳамжиҳатлик, фаровон келажак йўлига чорлаганимиз маъқул деб ўйлаймиз. Бунинг амалий тасдиғини Президентимизнинг Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташрифларида кўрамиз.

Ўтмишнинг қайси бир можаросини қараманг, унинг илдизида ғаразлик уруғлари ётибди. Марказий Осиё сувлари тақсимланиш тизимидаги адолатсизликлар ҳам шуларнинг сирасига киради.

Президентимиз маърузасидаги қуйидаги сатрларга биз юз фоиз қўшиламиз, чунки давлатимиз раҳбари бизнинг кўнгилимиздаги сўзларни айтди: "БМТ Бош котибининг "сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ", деган позициясини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ.

Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ».

Ўта аниқ, адолатли ва эзгу фикрлар.

Бизнингча, денгизни асрашнинг энг мақбул йўли – сув тақсимотида Оролга Марказий Осиё халқларига тегишли умумий мулк сифатида қараб, унга етарли сув миқдори алоҳида белгиланиши ва ундан ортган сувлар давлатлар эҳтиёжига мувофиқ тақсимланиши адолатдан бўлар эди.

Халқ Президентимиз ташаббуси билан Қўнғиротдан 101 километрга қувурлар орқали жадал суръатларда Мўйноққа етказилган ичимлик сувини тавоф қилмоқда. "Ўтган аср олтмишинчи йиллари ҳам ичимлик сувимизнинг сифатсизлигини ҳукумат биларди, лекин биронта чора кўрмаган, мана бу Президент боламизга раҳмат, олти ойга етар–етмас Мўйноққа тоза ичимлик сувини етказди", дейди орол чоллари.

Ҳақиқатан, илгари Мўйноқни кўрган ҳам, кўрмаган ҳам бугун танимай қолади. Марказий кўча кенг гузарга айланиб, кўп қаватли иморатлар орасидан ўтиб, эркин иқтисодий зонадаги собиқ балиқ-консерва заводи ҳудудида енгил саноат корхонасига кўзингиз тушади. Шаҳар гавжум қурилиш майдонига айланган.

Халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилган сари одамларнинг яхши яшаш истаги кучайиб, фаровон турмуш пойдевори мустаҳкамланмоқда. Шўр тупроқда гуллаган жинғиллари билан чангалзорларини дунёнинг барча цитрус ўрмонларидан афзал кўрадиган қорақалпоқларнинг руҳи баланд. Руҳи баланд кишилар силтаса симни, тепса темирни узади.

Баракалла халқим, Сиздан миннатдормиз Президент!

Ғайратдин Хўжаниёзов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор,

Ўрозбой Абдураҳмонов,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.

ЎзА
1 574






Все о погоде - Pogoda.uz