ЎзА Ўзбек

09.04.2018 14:20 Чоп этиш версияси

Аёллар ғўзапоя тутунидан қутилди

Аёллар ғўзапоя тутунидан қутилди – Кўчада катта газ баллони 300 минг сўм, уни тўлдириш эса 70 минг сўмга тушяпди. Бу биз учун қимматлик қилади, – дейди Оқибатхон Тўраева.

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Бўз туманидаги “Чорвадор” маҳалласида бўлганида ҳудуддаги мавжуд 588 та хонадоннинг 99 тасида газ баллони етишмаслиги аниқланди ва эртаси куниёқ бу камчилик бартараф этилди.
Туман газ таъминоти корхонаси томонидан уйма-уй юриб, газ балонлари хонадонларга етказиб берилди. 

02.JPG

– Кўчада катта газ баллони 300 минг сўм, уни тўлдириш эса 70 минг сўмга тушяпди. Бу биз учун қимматлик қилади, – дейди “Чорвадор” маҳалласидаги Бешқўрғон кўчаси 4 уйда яшовчи Оқибатхон Тўраева. –Битта тўлиқ баллонни бир-бир ярим ой ёқамиз. Тугагач, маҳаллага олиб чиқиб берамиз ва бир жойда йиғилади. Токи машина келиб, уларни тўлдириб, қайта олиб келгунича икки-уч ҳафта вақт ўтиб кетади. Қиш кунларида қийналардик. Мана энди жуда қулай бўлди. 4 нафар фарзандим бор. 12 ёшли ўғлим Бобуржон болалигида боши билан йиғилиб, фалаж бўлиб қолган, икки оёғи ишламайди. Ишчи гуруҳидан ногирон болам учун янги аравача ҳам сўрадим. Ҳал қилиб беришга ваъда беришди.

– Иккита ёш болам бор, – дейди 94-уйда яшовчи Жумагул Чўлпонқулова. – Қишда печка ёқамиз. Унинг устида овқат пиширамиз. Баҳордан кузгача ҳар куни ўчоқ ёқишга тўғри келади. Иккита тухум қовуриш учун ҳам ўчоқ қоратмасак бўлмайди. Бир ойда 30 боғ ғўзапоя ёқамиз. Ҳозир бир боғи 1200 сўмга чиқиб кетди. Уни ҳам топиш қийин. Шу сабабли ишчи гуруҳи кирганида катта газ баллони сўрагандим, бир кунда олиб келиб беришди.

04.JPG 

Туман газ корхонаси ходими Зуҳриддин Мирзаҳоловнинг айтишича, ҳозирда Бўз туманида атиги учта маҳалла қувур орқали табиий газ билан таъминланган. Туман аҳолисига ҳар ойда 100-150 тонна сиқилган газ Шаҳрихон, Асака, Избоскан газ қуйиш шаҳобчаларидан келтирилмоқда. Аҳоли қўлида 10300 та газ баллони мавжуд. Уларга имтиёз асосда – 14 минг сўмга тўлдириб берилмоқда, газ баллони эса фойдаланиш учун бепул тақдим қилинмоқда. Жорий йилда яна 1366 дона етказиб берилса, эҳтиёж тўлиқ қопланади. Шундан кейин хонадонларни иккинчи газ баллонлари билан таъминлашга ўтилади ва бу катта қулайлик беради.

ЎзА
16 549