Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 15:49 Чоп этиш версияси

Аёл жиноятга қўл урди

Фарғона вилояти Бағдод туманида яшовчи Муҳайё Мамуровага аввал ҳам жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у хатосидан тўғри хулоса чиқармади, йиллар давомида меҳридан, эътиборидан бебаҳра бўлган 5 фарзанди дийдоридан ўзини яна бенасиб қилди.

2017 йилнинг январ ойида дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Улуғбек” ва “Мақсуд” исмли Тожикистон Республикасида яшовчи танишлари билан тил бириктириб, 1 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ноқонуний олиб ўтишни режалаштирдилар.

Телефон қўнғироғидан сўнг шериклари 3 минг АҚШ долларига баҳоланган ушбу гиёҳвандлик моддасини Бағдод туманининг Дўрмонча қишлоғига олиб келиб беришди. Махсус белги остида оғуни ерга кўмиб қўйдилар. Икки кундан сўнг ушбу модда учун 1300 доллар олиб, қолган қисмини кейин беришга келишишди.

М.Мамурова гиёҳвандлик моддасини яшаш хонадонида сақлаб, февраль ойида унинг 59,92 граммини қўқонлик Н.Турсуновага 3 миллион 500 минг сўмга сотади. 939,75 грамм қисмини номаълум кимсаларга етказиб бериб, даромадга эга бўлади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида хонадонидан қора рангли целлофан пакетга ўралган 0,33 грамм оғу далилий ашё сифатида олинди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан М.Мамурова ўта хавфли рецидивист деб топилди ва унга 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
15 018