ЎзА Ўзбек

02.07.2018 21:45 Чоп этиш версияси

АЁЛ: у ҳусну малоҳатини бозордан олиб бозорга солмаслиги керак!

АЁЛ: у ҳусну малоҳатини бозордан олиб бозорга солмаслиги керак!
Бугун жамиятнинг деярли ҳеч бир муаммосини, ҳатто келажаги буюк давлат қуриш вазифасини ҳам аёллар иштирокисиз ҳал этиш мушкул.

Жамият ўзгараётган, онг янгиланаётган бир замонда яшаётган эканмиз, бу масалаларни ҳал қилишда бугунги аёлларимизнинг мавқеи қандай бўлиши керак? Ёки, умуман, аёл маънавияти деганда нималарни тушунишимиз лозим?

Бу саволларга жавоб топишдан олдин “аёл” сўзининг маъносига бир эътибор берайлик.

Арабча “аёл” сўзи – “оила” калимаси билан ўзакдош. Эски тилимизда “оила аъзолари” тушунчаси “аҳли аёл” бирикмаси билан ифодалангани шундан.

Чиндан ҳам, оиланинг файзу баракаси кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Халқимиз бекорга аёлларимизни “уй бекаси”, “хонадон фариштаси” деб улуғламайди.

Демак, аёл маънавияти – оила маънавияти тушунчасининг асосий узвий қисми, деган гап.

Фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Оиладаги ўғил-қизларимизнинг қандай инсонлар бўлиб етишиши ҳаммадан бурун аёлларимизга боғлиқ. Чунки бизда: эркаклар – кўча одами, деган қараш ҳам бор-да.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат бундан бир аср илгари, аниқроғи, 1914 йили чоп этилган “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” деган асарида “Маълумки, одам биринчи тарбияни онасининг бағрида олади. Шу нарса муқаррарки, биринчи тарбия (оила тарбияси) тарбиянинг энг муҳими ҳисобланади. Унинг таъсири одам табиатига мустаҳкам ўрнашади,”- деб ёзади.

Бу сатрлар ҳар бир она гарданига буюк вазифа ва масъулият юклайди.

Демак, она – тарбиянинг асосий меҳвари. Лекин ҳаммага аён бир гап ҳам бор-да: аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак.

Х1Х аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида яшаган буюк татар маърифатпарвари Ризоуддин ибн Фахруддин “Оила” асарида: “Ҳар бир хотуннинг ақлини ўлчамоқчи бўлсангиз, унинг қўл остидаги болаларига боқинг!”- деган фикрни келтиради. 

Бола дунёга келган кунидан она бағрида ўса бошлайди. У илк сўзларни волидасининг эркалашларидан эшитади.

Фарзанддан оқибат кутмоқчи бўлсанг, аввал ўзинг унга меҳр кўрсат, деган ҳикмат замирида олам-олам маъно яширин. Оқибат – биз учун ўта миллий қадрият. Ҳеч бир миллат фарзанди ота-онаси, яқинларига ўзбек боласидек оқибатли бўла олмайди.

Бу ҳам аёл маънавияти меваси.

Рост, ўзбек аёли зиммасига ўта миллий, шарқона маънавиятни сақлаб қолиш ва уни янада юксак даражаларда, замонавий асосларда давом эттириш масъулияти юкланган.

Ҳаё, ибо, иффат, фаросат, назокат, самимийлик, камтарлик, оқилалик, уддабурролик...

Эҳ-ҳе, чинакам маънавиятли аёлларимизга хос қанчадан-қанча фазилат бор! Хусусан, ўзбек аёлидаги вафодорликни айтмайсизми? Бу жиҳатдан миллатимизга дунёнинг ҳеч бир халқи тенг келолмаса керак.

Ҳазрат Навоийда ажиб бир байт бор. Унда лирик қаҳрамон шоирга далда бериб, агар ёринг бевафо бўлса, зинҳор ўксима, чунки у санамнинг чиройида ҳам вафо йўқ, – бу гўзалликнинг ўзи ҳам, бари-бир, ўткинчи, дейди:

Эй Навоий, гар вафоси қолмамиш онинг санга,
Ғам емоким, анга ҳам ҳусни вафоси қолмамиш.

Аллоҳ аёл зотини шунчалар гўзал, назокатли хилқат қилиб яратганки, энди шунга шукр қилиб, бу ҳусну малоҳатни сақлай билиш, уни бозордан олиб бозорга солмаслик ҳам – буюк бир инсонийлик, юксак маънавият. Бандасига берилган фазилат бир-бирини тўлдириб келади. Оқибатсиз, ҳаёсиз, уятсиз кишида орият, вафо бўлмайди. Буни Навоий ҳикматли байтида шундай ифодалаган.

Ҳаёсизда вафо йўқ,
Вафосизда ҳаё йўқ.

Аёлнинг вафоси – унинг поклигида. Назаримда, худди шу жиҳатлари билан аёллар эркаклардан ажралиб турадилар.

Навоий:

Юз туман нопок эрдин яхшироқ
Пок хотунлар аёғининг изи, –

деганида, эҳтимол, шуни кўзда тутгандир.

Тадбиркорлик ҳам хотин-қизлар учун ниҳоятда зарур. Аммо аёл тадбиркорлиги деганда тор маънодаги ишбилармонликнигина тушунмаслик керак. Ҳаёт уй бекасидан ҳар куни тадбиркор, саранжом-саришталик, тежамкорлик, оқилона сарф харажат талаб қилади.

Рўзғорнинг бутлиги демакки, оиланинг ривожланиши кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Шундай оилалар борки, эркак топиб келади, аммо хотиннинг режасиз харажатлари туфайли рўзғор барака кўрмайди. Бу – маънавий кемтиклигимиз.

Глобаллашув жараёнининг таъсири бугун баъзи оилаларимиз маънавиятига ўз кучини кўрсатмоқда. Баъзи аёлларимиз пул топиш учун хориж мамлакатларига бориб ишлаб келмоқдалар. Унда фарзанд тарбиясининг аҳволи не кечади? 

Фарзандлар тарбияси отанинг зиммасига ёки бўлмаса ўз ҳолича кимларнингдир гарданига қолиб кетмоқда. Фарзанд бир кун ота-она назоратидан четда қолса, тамом, унинг тарбиясида кескин ўзгариш бўлиши тайин.

Яна бир жиҳати бундай аёлларнинг турмуш ўртоқлари хотинлари топиб келаётган мўмай пул ҳисобидан яшайверишади. Бу, табиийки, оилада аёл ҳукмронлигига олиб келади. Эр нафсонияти, бола тарбиясининг аҳволини кўз олдингизга келтириб кўринг.

Қўйингки, Аллоҳ нозик қилиб яратган аёл учун ҳаё, инсоф, маънавиятни сақлаб қолиш, энг аввало, эркакларимизга ҳам боғлиқ, деб ҳисоблайман.

Хуллас, аёл маънавиятини бугун миллат маънавиятининг туб илдизи, дейиш мумкин. Унга бефарқ қарашга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ. 

Зиёда Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази масъул ходими

9 319