Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.03.2018 07:54 Чоп этиш версияси

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман...

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман...
8 март халқаро хотин қизлар куни

Эркин Воҳидов

КИМНИ ЭТМАС БУ КЎНГИЛ ШАЙДО...!

Дунё экан…
Ишқ деган савдо
Борми фақат менинг бошимда?!
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!
Севги илк бор тушди-ю қалбга
Ҳаётимнинг бўлди мазмуни.
У қўлимга тутқазиб қалам,
Кўзларимдан олди уйқуни.
Олди бутун фикру хаёлим,
Кетди дилдан ором, ҳаловат.
Севги бутун боримни олиб,
Шеър завқини қолдирди фақат.
Борлиқ олам кўзимга минг-минг
Гўзалликка тўлиб кўринди.
Гуллар менга ошиқ булбулнинг
Шеър дафтари бўлиб кўринди…
Айб этмангиз,
Дўстлар бу савдо
Борми фақат менинг бошимда?
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?

***

Абдулла Орипов

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.
Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айри ҳам тушдим баъзан қалб билан, имон билан
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.
Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан…
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.
Ҳолбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай кулганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.
Йўлин йўқотса одам — муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам — муҳаббатга суянгай.
Чорасиз қолса одам — муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.
Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим.
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.


***

Омон Матжон

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»
Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»
Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй, сен денгиз тубин долғалатувчи?!
Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқдир, нур ўчса — йўқман,
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклантирувчи!
Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман — яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартиргувчи!
Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»

* * *
Муҳаммад Раҳмон

Сен ҳам эслайсанми гоҳ қолиб холи,
Қўмсайсанми кўнгил кўчаларини…
Мунаввар айлади ойдин хаёлинг
Савдоли бу умрим кечаларини!
Сен ҳам эслайсанми ёшлигингни — шаън,
Ранги, ифорини — нечук эди ул?
Мени маст қилади қирқ йил наридан
Китобинг қатига қистирилган гул…
Обу оташидан дунёни ўтдинг,
Бекарам, бир кам деб қарғарсан ёмон…
Севги-чи, илк севги… наҳот, унутдинг,
Мен эса соғиниб яшайман ҳамон.
Номалар битардим сенга бир талай,
Қоғозга ишониб сирларнинг сирин.
Хатжилдни ёпардим ширачин ялаб –
Хатжилдлар ўзингдек, сўзингдек ширин!
Тонмайман бўғзимга ботса ҳам тиши,
Эслаб хўрсингулик ёзим, қишим бор.
Йўкдир дунёсининг мен билан иши,
Менинг бу дунёда йўқлар кишим бор!
Сен ҳам эслайсанми…

*** 
Матназар Абдилҳаким

БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф,
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.
Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас –
Олиш ўзи менга катта бахт.
Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.

***

Садириддин Салим Бухорий
Қандай сендан олайин хабар,
Бошланади қайдан остона?
Қай имлода ёзсам хат етар,
Арабийми ё суғдиёна?
Майсаларда йўқ эрур забон,
Майсаларнинг тилида титроқ.
Этолмайди ҳолингни баён,
Гарчи мендан сенга яқинроқ.
Бўзлагайман юрагим тўлиб,
Қайда эшик, қайда эрур йўл?
Кошки, эшик ё майса бўлиб,
Чўзолсайдим сен томонга қўл…

***

Ўткир Раҳмат

ТОНГДА

— Дарахтлар, ой-юлдуздан
бошқа кимни кўрдингиз,
— Тун бўйи тик оёқда
нима қилиб турдингиз?
— Елкамизга миндириб
қушларни бирга ётдик,
— Чуғурлашиб энг аввал
тонгни бизлар уйғотдик!
— Кулаётган оппоқ тонг,
йўлинг пойлар қай инсон,
— Бахш этдинг сен кимга ризқ,
кимга эса бахт, имкон?
— Субҳидамда эшикда
мени интиқ кутганга,
— Садқа қилиб меҳрини
дўстларига тутганга!
— Оқаётган анҳор-эй,
кимни кўзинг йўл кўрди,
— Эрта тонгда, айтгин, ким,
сендан келиб ҳол сўрди?
— Севишганлар паришон
менга айтди тушини,
— Муродингга етгин деб,
тиладим бахт қушини!
— Нонни кўтариб бошга
очилган эй дастурхон,
— Атрофингга кимларни
сен ўтқаздинг ёнма-ён?
— Тўрт кўз тугал: ҳам ота,
ҳам она, ўғил-қизни,
— Офтобдайин тафти бор
“Ассалом” деган сўзни!
— Эркаланиб майсада
ором топган шудринглар,
— Саҳар чоғи бу ердан
ўтган кимни кўрдинглар?
— Сўнаётган юлдузлар
мўлтираган кўзларин,
— Сўнгра далага шошган
қишлоғингнинг қизларин!

* * *

Равшан Файз

Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангиз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умуман.
Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сўнмоқдадир косагул, алёр.
Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.
Мен яхши кўряпман сизни тобора…

***

Муҳаммад Юсуф

БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ


Майли-да, кимгадир
Ёқса, ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хохласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…
Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени, ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат, йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг — онанг сени
Чиройли туққан!..
Менга бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг соҳилларидан.
Ўзинг айт, сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун –
Кокилларидан?..
Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил, яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.
Мен эса ошиғинг
Сенинг — энг ғариб.
Тундан сўз қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.
Иста, тиз чўкаман
Ҳозир олдингда,
Севдим, севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!

***

Абдивали Қутбиддин

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Кундузи парисиз, тунда окқушсиз.
Руҳи равонимиз сизга бахш этдик,
Изингиз ёнига лабни нақш этдик.
Пуфласангиз ўчдик, силасангиз окдик,
Уфқ нарёғига имладингиз, бокдик.
Қонимизни тўкдик бармоғингизга,
Кўнглимизни урдик тирноғингизга.
Ёт десангиз, ётдик сувдек жимирлаб,
Бир-бир ўйнадингиз кўзларимизда.
Шивир-шивир қилдик сизга шивирлаб,
Тош босиб қўйдингиз сўзларимизга.
Қалқидик, юлдузга узатсангиз қўл,
Чор-атроф расводир, безатмадингиз.
Тинчландик, боши берк бўлса ҳамки йўл,
Биз ҳамон хастамиз, тузатмадингиз.
Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,
Шудринг оқартирди юзларимизни.
Музтоғни эритган муқаддас тушсиз,
Қайтаринг, титраган бўзларимизни…

***

Эшқобил Шукур

О, мени йиғлатма…
Ёмон тушлар кўриб намозшомгулим,
мени йиғлатма.
Мен пойи-патагинг бўлай қайғулим,
мени йиғлатма.
Отингдан айланай, оғрима гулим,
мени йиғлатма.
Уҳ тортсанг, устуни қулар фалакнинг,
йиғлатма.
Кўкрак қафасига янглишдан худо
Аёлнинг юрагин қўйган эркакни
йиғлатма.

***

Икром  Искандар 

ЮЗИНГНИ КЎРГАЛИ

Юзингни кўргали ой уёлмишдир.
Сўзларинг инжу, лабларинг болмишдир.
Агарки ҳусн мулкида баҳс этсалар,
Лайлию Ширин пойингда қолмишдир.
Бу не ҳолмишдир, васлинг умидида
Кўзларим йўлларинг пойлаб толмишдир.
Орзум рўёби рўё, неча вақтким
Бетин вақт каби тинчим йўқолмишдир.
Бу не лашкар каби оҳ эмиш, мудом
Айрилиқ кўксима лак-лак солмишдир,
Ким, ҳажрингда гар бир оҳ урса Икром
Искандар каби дунёни олмишдир.

***

Шодмонқул Салом

АЁЛ, СЕН БОРСАНКИ...


Манзура келганди, онам шод эди,
Бошқоронғу эди бизнинг Шоҳиста.
Руҳим қирларига турналар қўниб,
Сузиб кетардилар оҳиста...

Онамнинг қувончи жудаям қиммат,
Жуда осон эди ғусса ташрифи.
Манзуржон, бир даста гулдай келдинг-а...
Оғангнинг бундан соз йўқдир таърифи.

Манзура кенжамиз, эркароқ эди,
Унинг уч ўғлини овлади сайёд.
Кўнглига боқмадинг, кўзига боқмадинг,
Бунча қўлинг қаттиқ, отажон, Ҳаёт!

Кейин онам кетди... тўйга кетгандай,
Манзура кўнмади — йиғлоқ бўп қолди.
Унинг анор сувли жомдай кўнглига
Худойим барибир сабр ҳам солди.

Ҳа, шул-да, кўнмоқ-ку, бандадан талаб,
Не-не баҳоналар қилиб кўрмадим.
Бизларни Оллоҳдан олганди тилаб,
Айтган томонига сира юрмадим.

Ҳа, шул-да, юпанчим — таскинни топдим,
Йиғлатганин Ўзи юпатди охир.
Қўноғидан қочган қулундай чопдим,
Бунчалар ширин бу! Воҳ, бунча талхдир.

Сен борсан, баҳорга ишонаман-да,
Сен борсан, кузакнинг тилин топурман.
Онам, синглим, қизим ва яна сен ҳам,
Келинглар, меҳримдан нонлар ёпурман.

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман,
Шаррор қўшиқ бўлиб юрибман, мана.
Аёл, сен борсанки, ғамлардан кулиб,
Шоирлар қилурлар зебо тантана.

...Ердан бошқасида сув йўқ демишлар.
Қақраган кўнглимга оққувчи зилол.
Инсонга меҳр-ла қўл чўзган Тангрим,
Ўша азиз қўлнинг бир номи аёл.
Аёл, мен қошингда мангу гўдакман...


9 301