Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Аёл бахтли бўлса, юрт фаровон бўлади

Тошкент вилояти Чиноз туманида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир шундай номланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ёзувчи ва шоирлар, хотин-қизлар, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият, имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Сўнгги йилларида аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш партиямизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди, – дейди партия вилоят кенгаши бош мутахассиси В.Шодиева. – Бу борада ҳудуддаги фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “XXI аср аёли” кўрик-танловида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 400 га яқин хотин-қиз иштирок этади, ғолиблар рағбатлантирилади. Партиямизнинг “Уйма-уй” лойиҳаси бўйича жорий йил бошидан буён Зангиота, Янгийўл, Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларида аҳоли хонадонларига бориб, аёлларни қийнаётган турли муаммоларни ўргандик. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбордик.

Тадбирда узоқ йиллар давомида турли соҳаларда сермаҳсул фаолият юритган партиянинг фаол аёлларига ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросидаги тинчлик, жонажон юртимиз ва мунис аёлларни улуғловчи куй-қўшиқлар, шеърлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
8 151