Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.01.2018 20:50 Чоп этиш версияси

Автобуслардан безиган йўловчи

Автобуслардан безиган йўловчи
“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти раҳбариятига

Ҳозир баён қилинадиган кундалик ҳодисаларга жамоат транспорти, аниқроқ қилиб айтганда автобуслардан фойдаланадиган ҳар қандай инсон дуч келади. Бу қандай ҳодисалар дейсизми? Марҳамат...

Биринчи ҳолат: Тошкент шаҳридаги автобусларда ҳайдовчилар тезликни меъёрдан ошириб юборади. Табиийки, катта тезликда кетаётган автобусни тўхтатиш мушкул. Тўсатдан олдидан чиқиб қолган автомобилга бориб урилмаслик учун ҳайдовчи тормозни босади. Ушбу ҳолатда йўловчи турли тан жароҳати олиши ҳеч гап эмас.

Ўзим гувоҳман. 58-автобусда ишдан қайтяпман. Автобусда одам кўп. Ҳайдовчиси ва чиптачи 22 ёшлардаги йигитлар. Йўлдаги автомобилларни бирин-кетин орқада қолдираётган автобус олдида юк машинаси борлиги учун кескин тормоз берди. Шу пайтда ёши 50 лардан ошган аёл боши билан автобус тутқичларига урилди ва ерга йиқилаётганда одамлар тутиб қолишди.

Бундай ҳайдовчиларни “ўпкасини босолмайдиганлар” деб атасак бўлади.

Иккинчи ҳолат: Иккита бир хил йўналишдаги автобус йўлда тўқнаш келиб қолса, автобус ичидаги йўловчилар кўча тилида “бир қоп картошка” бўлиб қолишади. Автобуслар бир-биридан ўзиш учун пойга ўйнашади. 

Ёши катталар танбеҳ бериб қолишса, ҳайдовчилар уларни жеркиб ташлайди. Бунинг сабаби оддий, бир йўналишдаги автобус табиийки кўпроқ йўловчи йиғиши керак. Одам чиқиши учун эса кейинги бекатга “ҳамроҳ”идан кўра тезроқ бориши керак. Энг кулгилиси, уларга кунлик режа бор эканини, шунга яраша пул йиғишларини рўкач қилишади.

Учинчи ҳолат: тегишли қоидаларга кўра, автобус бекатда 5 дақиқадан кўп тўхтаб турмаслиги керак. Лекин, баъзи ҳолларда бу 15-20 дақиқагача чўзилади. Айниқса, эрталаб ишга кеч қоляпсиз, тиғиз вақт. Устага-устак йўллар тиқилинч. Бу ҳам етмагандек, автобус битта бекатда узоқ «ҳордиқ» чиқармоқда.

Чилонзор метро бекатида 8-автобуснинг юришини 45 дақиқагача кутган йўловчи ўз фикрларини айтди. Бунинг қанчалик тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўзим кузатдим. Автобус метродан чиқадиган одамларни кутиб ярим соатча тўхтаб турди. Шундай пайтда асаб толалари ёрилиб кетмаслигига қойилман.

Ҳайдовчи акалар, сизга иш ҳақи тўланяпти, сал инсоф биланда ахир. Шу автобусга чиққиси келмаган йўловчини кун бўйи кутинг фойдаси йўқ, барибир чиқмайди. Бундай ҳодисаларнинг жабрдийдалари аллақачон буни тушуниб етган. 

Шу ўринда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти раҳбариятига мурожаат: автобус ҳайдовчиларини ишга қабул қилиш масаласига жиддийроқ эътибор қаратиш вақти келмадими!

Нурилло Насриев, ЎзА
15 783