Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 08:40 Чоп этиш версияси

Атроф-муҳит муҳофазаси яхшиланмоқда

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида ахборот берилди. Қўмита фаолиятининг асосий устувор йўналиши – маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимини ташкил этиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларда давлат бошқаруви ва экологик назоратни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан комплекс дастур қабул қилинган бўлиб, 13 “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва уларнинг 174 та туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилди. Улар балансига 1 минг 372 махсус техника, 1 минг чиқинди тўплаш майдончаси, 5 минг 800 контейнер ва 172 полигон ўтказилди.

Шунингдек, қўшимча 305 чиқинди тўплаш майдончаси очилиб, 2 мингдан зиёд контейнер билан жиҳозланди. Мамлакат бўйича жами 295 полигон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг кадастр ҳужжатлари тузилди, 97 чиқинди полигони тартибга келтирилди. Қўмита ҳузурида чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Ҳозир барча “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарида “Биллинг” тизими ишга туширилган. Техника ҳаракатини масофадан онлайн режимида кузатиш мақсадида GPS тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Экологик-санитария нормалари ва қоидаларига зид равишда фаолият юритиб келаётган Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Бўстонлиқ туманидаги 3 чиқинди полигони фаолияти тўхтатилди. Сурхондарё вилоятининг Ангор, Термиз туманлари ва Термиз шаҳри, Хоразм вилоятининг Урганч ва Қўшкўпир, Андижон вилоятининг Пахтаобод, Жиззах вилоятиниг Дўстлик, Зарбдор ва Пахтакор, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманларидаги 10 полигон фаолияти танқидий ўрганилмоқда. Йирик шаҳарларда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб чиқарувчи 108 ихтисослаштирилган хусусий корхона фаолияти самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида Ангрен, Нукус, Урганч, Навоий, Бухоро, Қарши, Термиз, Жиззах, Гулистон шаҳарларида саралаш ва қайта ишлаш кластерлари ташкил этилди. Ҳозир бошқа ҳудудларда кластерлар ташкил этиш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, жанубий кореялик ҳамкорлар билан қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган Тошкент шаҳар полигонида чиқиндихона газини қайта ишлаб, ундан электр ва иссиқлик энергиясини олиш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида 2018 йилда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари қўшимча 283 махсус техника билан таъминланиши маълум қилинди.

2017 йилда Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус каби саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси санитар меъёрдан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани кузатилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, бу борада идоралараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида жорий йил охирига қадар мамлакатдаги экологик ва атроф-муҳит ҳолатини баҳолашнинг аниқ кўрсаткичларига асосланган маълумотлар базаси яратилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 417