ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:04 Чоп этиш версияси

Атом технологиялари бўйича ахборот маркази иш бошлади

Атом технологиялари бўйича ахборот маркази иш бошлади

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида "Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2019" йигирма учинчи ва "Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2019” ўн тўртинчи халқаро кўргазмалари ўз ишини давом эттирмоқда.

Мазкур кўргазмалар доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган. Бугун пойтахтимизда ўз фаолиятини бошлаган Атом технологиялари бўйича ахборот маркази улардан бири.

“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорациясининг қўшма лойиҳаси бўлган ушбу Атом технологиялари бўйича ахборот марказининг очилиш маросимида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва бошқалар мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар замирида мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашдек мақсадлар мужассам эканини қайд этиб ўтди.

photo5395825606932934579.jpg

Марказ экспозицияси барча ёшдагилар учун мўлжалланган бўлиб, фаолияти нотижорий ва бепул хизмат кўрсатилади. Марказ майдонида олимларнинг оммавий маърузалари ўқилади, атом тармоғи мутахассислари билан учрашувлар ва шу билан боғлиқ турли тадбирлар ташкил этилади.

“Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвнинг таъкидлашича, хорижий давлатларда ташкил этилган марказларнинг бу еттинчисидир. Унинг очилиши Ўзбекистонда илк атом электр станциясини барпо этиш бўйича комплекс лойиҳани амалга оширишнинг муҳим қисми. Жамоатчилик қўллаб-қувватлашини шакллантиришда тарғибот-ташвиқот ишларининг алоҳида ўрни бор. Тошкентда ўз ишини бошлаган мазкур марказ шу мақсадга хизмат қилади.

– Бу лойиҳа устида иш олиб бориш жараёнида халқаро тажрибани ўрганиб чиқдик, – деди Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов. – Ушбу марказ янада замонавий ва янги технологиялар билан бойитилган. Бундан кейин ҳам АЭС лойиҳасига доир маълумот ва экспонатлар билан босқичма-босқич тўлдирилиб борилади. Бу ерда атом ҳақида турли аудиовизуал технологиялар ёрдамида ахборот олиш учун имконият яратилган. 

photo5395852231435201514.jpg

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
5 927