ЎзА Ўзбек

11.09.2018 13:20 Чоп этиш версияси

“Атлас байрами” фестивали халқаро миқёсда нишонланмоқда

“Атлас байрами” фестивали халқаро миқёсда нишонланмоқда

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан “Атлас байрами” фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

7.JPG

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Дендев Бадарч “Атлас байрами” фестивалига тайёргарлик ва унинг дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

– Бугун меҳмондўст, бағрикенг, юрт гавҳари ва марвариди, дея эъзозланувчи Фарғонада жаҳон ҳамжамиятига миллий қадриятларимизни намоён этувчи “Атлас байрами“ катта шодиёна сифатида нишонланмоқда, – дейди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – “Атлас байрами” фестивали халқ амалий санъатининг бебаҳо ифодаси сифатида миллатлараро тотувликка хизмат қилаётгани, янги тажриба ва анъаналар, соҳа фаолиятига замонавий ёндашувларни татбиқ этишга катта ҳисса қўшаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Энг асосийси ушбу фестиваль халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятларини акс эттириб, ҳамюртларимиз ва хорижлик сайёҳларни Марғилон халқ бадиий ҳунармандчилиги билан яқиндан таништириш имкониятини яратади.

Дарҳақиқат, Марғилонда жорий йилда мазкур фестивалга катта тайёргарлик кўрилди. Фестиваль дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан ташриф буюрадиган ҳунармандлар ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади. Либослар кўргазмасида иштирок этувчи дизайнерларнинг барча матолари эса юз фоиз шаҳар ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази томонидан тақдим этилади.

Фестиваль халқаро миқёсда нишонланмоқда. Унда Россия, Хитой, Испания, Франция, Монголия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 30 дан зиёд мамлакатларнинг усталари, рассомлари, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида “Буюк ипак йўли анъанавий тўқимачилиги” мавзусида экспертлар кенгаши, “Буюк ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия“ мавзусидаги халқаро илмий конференция ўтказилади. “Ҳунармандлар шаҳарчаси“ деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, қўғирчоқ театрлари чиқишлари ҳам бўлиб ўтади.

“Атлас байрами” тўқимачилик фестивалининг тантанали очилиши 14 сентябрь куни Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида бўлиб ўтади. 

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб олинди.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
6 048