ЎзА Ўзбек

18.08.2018 12:11 Чоп этиш версияси

Қатағон қурбонлари хотираси музейи иш бошлади

Қатағон қурбонлари хотираси музейи иш бошлади

Фарғона давлат университети тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилди. 

Бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Зеро, озодлик учун курашган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди, халқимиз қалбида мангу яшайди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона давлат университетида очилган мазкур музей ҳам ана шу ишларнинг амалдаги ифодасидир. 

– Вилоятимиз бўйича 10 минг 179 нафар қатағон қурбонлари аниқланиб, уларнинг 200 нафари тўғрисидаги маълумотлар, суратлар, буюмлар музейга қўйиш учун тайёр ҳолга келтирилди, – дейди “Қатағон қурбонлари” музейи директори С.Сиддиқов. – Бундан ташқари, уларнинг хотирасига бағишланган 65 дан зиёд илмий, адабий, бадиий китоблар тўпланиб, уларнинг электрон версиялари ҳозирланди. Қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумот ва ҳужжатларни илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, кинофильмлар яратиш, мактабларда музейнинг филиалларини ташкил этиш борасида ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шу замин, шу юрт тинчлиги учун жонларини аямай курашган ватандошларимиз номи абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган музей шўро даврида қатағонга учраган юртдошларимизнинг аянчли кунларидан садо беради, турли воқеалар, турли тақдирлар ҳақида ҳикоя қилади. Музей ёш авлоднинг ватанпарвар, ўз миллатига бўлган ҳурмат, маърифатпарвар аждодлари ҳақида фахр ва ифтихор туйғусини шаклланишида ҳамда улар каби эл-юрти учун муносиб фарзандлар бўлиб тарбияланишида муҳим ўрин эгаллайди.

М.Сулаймонов, ЎзА
6 607