ЎзА Ўзбек

14.09.2018 21:24 Чоп этиш версияси

Асосий мақсад – Ўзбекистон транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш

Асосий мақсад – Ўзбекистон транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш Кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан ривожлантириш, транзит юк ташиш ҳажмини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, транспорт инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий бўғинларидан бири ҳисобланади. Мазкур тармоқни янада ривожлантириш мақсадида “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури” қабул қилинди. Унда миллий транспорт тармоғини ривожлантириш соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берувчи яхлит комплекс стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини ҳудудий ва жаҳон бозорига олиб чиқишни ҳисобга олган ҳолда, ушбу стратегияни халқаро транспорт тизимига кенг интеграция қилишни таъминлаш кўзда тутилган.

Дастурда транспорт инфратузилмаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш, янги автомобиль ва темир йўллари, авиақатновларни очиш орқали барча транспорт турларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, Марказий Осиё минтақасининг транспорт-транзит салоҳияти унинг тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи кўприк вазифасини ўтаган Буюк ипак йўлининг марказидаги геостратегик жойлашуви билан белгиланади. Йирик халқаро бозорларни ўзаро бирлаштирувчи энг қисқа йўналишлар айнан мана шу минтақа орқали ўтган.

Марказий Осиёда қўшимча юк ташиш оқимларини жалб этиш имконини берувчи янги транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш, транспорт ва логистика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб, халқаро логистика марказлари тармоғини яратиш, минтақа транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш учун хорижий мамлакатлар портларидан самарали фойдаланиш услубларини шакллантириш, Марказий Осиёда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини бирлаштирувчи муҳим транзит йўл бўлиб хизмат қиладиган ягона интеграциялашган хабни яратиш масалалари минтақамиз учун долзарб аҳамият касб этади.

Бу Ўзбекистонга Осиё-Тинч океани минтақаси ва Хитойдан Ҳинд океани портлари (Покистон, Ҳиндистон)га, Европа Иттифоқи, Россия, Кавказдан Ҳинд океани портлари (Покистон, Ҳиндистон)га чиқиш йўналишлари бўйича халқаро транзит юк ташишда иштирок этиш, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон янги транспорт йўлагини яратиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг янги истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш, Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудлари бўйлаб транзит юк ташишга бўлган ягона тарифларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа ШҲТ макони учун долзарб аҳамиятга эга. Унинг амалга оширилиши лойиҳа иштирокчилари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имконини беради. Ушбу темир йўли Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Шарқий Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига юк ташиш имкониятини яратиш орқали Хитой юкларини Европа мамлакатларига етказадиган энг қисқа йўллардан бирига айланади ва бутун Марказий Осиё транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида юқорида қайд этилган зарур шароитларни яратиш транспорт тизимининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, Ўзбекистон ҳудудидан ўтиш учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиёда халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодиёт вазирлиги
Ахборот хизмати

2 849