Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2018 14:37 Чоп этиш версияси

Асосий мақсад – солиқ юкини камайтириш

«Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган кўргазмали семинар доирасида Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Файзибоев солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда белгиланган имтиёзлар мазмун-моҳиятини соҳа ходимлари, вилоятда фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларига етказди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ривожини қўллаб-қувватлаш, зарур ҳуқуқий замин ва қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш борасидаги талаблари 2018 йил солиқ-бюджет сиёсатида ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан 3 та қонунга, жумладан, Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Солиқ кодексининг 147-моддасидаги 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилмоқда. Бунда тадбиркорлик субъектларининг 70 миллиард сўм маблағлари тежалиши кўзда тутилган.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга пасайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига даромад солиғи ҳисобидан ўтказиладиган маблағлар 453 миллиард сўмга кўпаяди. Солиқ ставкасининг пасайиши ҳисобига 92 миллиард сўм жисмоний шахслар ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини янада камайтириш мақсадида уларни фаолиятини амалга оширадиган ҳудудига қараб ажратган ҳолда солиққа тортиш белгиланди. Бу имтиёз натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 86 миллиард сўм қолиши ҳисоб-китоб қилинди.

Мисол учун, амалда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун қатъий белгиланган солиқ миқдори Тошкент шаҳри учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари ўрнига 2018 йилда 7 баробар ва вилоятлар марказларида 6,5 баробари ўрнига 5 баробар миқдорида белгиланди.

Бензин ва дизель ёқилғиси учун солиқ ставкаси 2017 йилга нисбатан 50 фоизга пасайтирилди, суюлтирилган газ ставкаси сақланиб қолинди ва сиқилган газ учун солиқ ставкаси 10 фоизга индексация қилинди. Сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва ер солиғи ставкаси 15 фоизга индексация қилинди.

Солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Мисол учун, Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган, кадастр қиймати 321,2 миллион сўмни ташкил этадиган ҳовли-уй учун 2018 йил 429,1 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим эди. Лекин 2017 йилда ушбу мулк учун солиқ суммаси 134,4 минг сўмни ташкил қилгани учун 2018 йилда солиқ миқдори 161,3 минг сўмгача ҳисобланади, яъни ушбу сумма ўтган йилдагига нисбатан 20 фоиздан ошмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган фуқароларга – жисмоний шахсларга банкротлик қўлланилиши белгиланиб, бу борада Фуқаролик кодексининг 26-моддасига, Солиқ кодексининг 62-моддасига ҳамда “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Семинарда тадбиркорларнинг саволларига мутасадди ходимлар томонидан жавоб берилди. Иштирокчиларни ўйлантираётган муаммолар ўртага ташланди. Уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
10 804