ЎзА Ўзбек

10.09.2018 20:04 Чоп этиш версияси

Асосий мақсад – экин майдонларидан унумли фойдаланиш

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ишчи гуруҳининг “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

2018 йил 30 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигидаги экин майдонларидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, экин майдонларидан самарали фойдаланилиши ва ерларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Бу каби ўзгартиш ва қўшимчалар қишлоқ хўжалиги экинларини тўғри жойлаштириш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга замин яратади. Шу билан бирга, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ ёш фуқаролар томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил этиш, ер участкаларини олиш жараёнида имтиёзлар тақдим этишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

Бунда фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар, шунингдек, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқаролар бошқа тенг шартларда устун ҳуқуқдан фойдаланиши белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, тегишли тавсияга эга бўлган ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади.

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Солиқ кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди.

Қонун муҳокамасида ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 091