ЎзА Ўзбек

12.01.2018 20:07 Чоп этиш версияси

Аскар оналари тинчлик сўраб дуо қилади

Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилаётган байрам тадбирларидан бирида ЎзА мухбири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир неча аскарнинг оналари билан суҳбатлашди. Улар ўз ўғиллари, уларнинг орзу-умидлари, келажак режалари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

Оддий аскар Абдуллоҳ Исмоиловнинг онаси Ойгул Сатторова:


– Ўғлим Самарқанд гарнизони ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилмоқда. Абдуллоҳ уч ўғилнинг кенжаси бўлгани боис турмуш ўртоғим билан ундан кўпроқ хавотирланаётган эдик. Ҳарбий қасамёд муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга борганимизда ҳарбий қисмда яратилган шароитларни кўриб ҳайратландик.

Ўғлимни тетик ва хуш кайфиятда кўриб, қўмондон ва хизматдошларининг у ҳақда билдирган илиқ фикрларини эшитиб, жуда мамнун бўлдим. Абдуллоҳ хизматни яхши ўтаяпти, у ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан олий ўқув юртига кириш имтиёзини берувчи тавсияномани қўлга киритишни мақсад қилган.

Аслида, имтиёз ўғлим учун асосий мақсад эмас, балки фаол жамоатчилик ишида иштирок этишга ундовчи рағбатдир. Ўзим ҳам жамоат ишларидан четда турмайман, Шаҳар телефон станциясидаги муҳандислик фаолиятидан ташқари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига сайланганман. Мени ёқлаб овоз берган сайловчилар манфаатини ҳимоя қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоқдаман.

Ҳар бир аскар онаси сингари мен ҳам фарзандларимиз тинч даврда хизмат қилиши, мамлакатимизда осойишталик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суришини тилайман.

Оддий аскар Жавоҳир Абдуллаевнинг онаси Шоира Мирзоҳидова:

– Жавоҳир Жиззах вилоятида, чегара қўшинлари бўлинмасида хизмат қиляпти. У ёшлигидан армияда хизмат қилишни орзу қиларди. Буюк саркардалар, айниқса, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида кўп китоб ўқирди. Ўғлим орзу билан чекланиб қолмай, ҳарбий хизматга пухта тайёргарлик ҳам кўрди: яхши ўқишга ҳаракат қилди, спорт билан мунтазам шуғулланди. У кураш бўйича шаҳар миқёсида ўтказилган бир неча мусобақалар совриндори.

Аслини олганда, оиламиз оддий: турмуш ўртоғим тадбиркор, ўзим педагогман. Жавоҳирнинг Ватан ҳимоячилари сафида хизмат қилиш орзуси – унинг қадрдон мактаби, маҳалламиз фаолларининг меҳнати самарасидир. Бунинг учун ўқитувчилар, ўзини-ўзи бошқариш органи оқсоқолидан миннатдормиз.

Ҳарбий қасамёд қабул қилиш муносабати билан ташкил этилган тантанага ўғлимни табриклашга борганимизда, у келажакда офицер бўлмоқчи эканини айтди. Фарзандимизга оқ фотиҳа бердик. Илоҳим, халқи учун нафи тегадиган инсон бўлиб камолга етсин!

Оддий аскар Самариддин Султонмуродовнинг онаси Ҳилола Йўлдошева:

– Самариддин оиламизда ёлғиз ўғил бўлса ҳам, уни талабчанлик билан тарбиялаганмиз. Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежини битиргач, ўғлим армияда хизмат қилиш истагини билдирди. Барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, тест синовларини топширди.

Айни пайтда Самариддин Қаршидаги чегара қўшинлари ҳарбий қисмида хизмат қилмоқда. Қўмондонлари у ҳақда ижобий фикрда. Армияга чақирилишга қадар у “Локомотив” футбол клубида спорт билан шуғулланар эди. Бу унга жисмоний тайёргарлик бўйича синовларни топширишида асқотди, ҳозир ҳам Самариддин ўз бўлинмасида етакчилардан бири.

Хизматдан сўнг ўғлим институтга ўқишга қирмоқчи. Унинг орзуси – муҳандис бўлиб, темир йўл соҳасида меҳнат қилиш. Лекин аввал у ҳарбий хизматни ўташга қарор қилди. Биз унинг қарорини маъқулладик, чунки эркак киши қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ҳамиша ўз Ватанини ҳимоя қилиш, она тупроғини кўз қорачиғидек асрашга шай туриши керак.

Аблай Камолов , ЎзА
10 612